Ассалому алайкум азизлар, ҳар доим қутулиш йўли мавжуддир. Баъзан васваса сиз учун кўтариб бўлмайдиган юкдек ўзингизни ҳис қилишингиз мумкин, лекин бу шайтоннинг ёлғонидир.
Худо ҳеч қачон сизнинг ичингизга қўйган нарсадан оғирроқ нарсани сизга юкламайди. У сиз кўтара олмайдиган васвасага йўл қўймайди. Лекин сиз ҳам Каломда келтирилгани каби ўзингизнинг улушингизни адо этишингиз керак.
Азизлар, аввало диққатингизни бошқа бир нарсага жалб қилинг. Муқаддас Каломнинг бирор жойида “васвасага қарши туринг” деб айтилмагани сизни ҳайратга солиши мумкин.
Бизга “иблисга қарши туринг” деб айтилган, аммо бу бошқа нарса, мен буни кейинроқ тушунтириб ўтаман. Унинг ўрнига, бизга диққатимизни бошқа нарсага жалб қилиш айтилган, чунки фикрга ҳеч қачон қарши туролмаймиз.
Бу бизнинг диққатимизни ўша нотўғри нарсага янада кескин қаратиши ва унинг таъсирини кучайтириши мумкин. Келинг тушунтириб берай: Қачонки онгингиздаги бирор фикрни тўсмоқчи бўлсангиз, уни хотирангизда янада чуқурлаштирасиз.
Унга қарши чиқиб, уни янада мустаҳкамлайсиз. Бу васваса учун ҳам тўғри келади. Сиз ҳеч қачон васвасани ҳиссиётга қарши курашиш билан енголмайсиз. Ҳиссиётга қанчалик қарши курашсангиз, у сизни шунчалик қамраб олади ва бошқаради.
Сиз ҳар бир ўйлаган вақтингизда уни кучайтирасиз. Васваса ҳар доим бирор фикрдан бошлангани учун ҳам, унинг жозибасидан қутулишнинг йўлларидан бири диққатингизни бошқа нарсага қаратишингиздир.
Азизлар, фикрга қарши курашманг, фақатгина диққатингизни йўналтирувчи оқим йўлини ўзгартиринг ва бошқа фикрга қизиқишга ҳаракат қилинг. Гуноҳ учун жанг сизнинг онгизда ғалаба қозонилиши ёки енгилиши мумкин.
Сизнинг диққатингизни тортган нарса сизни ўзига тортади. Шунинг учун ҳам Аюб шундай деган: “Мен ёш жувонга эҳтирос билан қарамаслик учун кўзим билан аҳд туздим.” Ва Довуд шундай ибодат қилган: “Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим, Ўз йўлларингда мени тирик тутгин!” Забур китобининг 118 боби 37 ояти.
Сиз бирор марта телевизорда егуликни реклама қилаётган вақтда оч қолганингизни ҳис қилганмисиз? Ёки бирор марта бирор кишини йўталганини эшитиб томоғингизни тозалашга ҳаракат қилганмисиз?
Ёки бирор кишини эснашини кўриб ўзингиз ҳам эснаганмисиз? Бу тахминнинг кучидир. Биз табиатан диққатимизни қаратган нарсага қараб ҳаракатланамиз.
Қанчалик бирор нарса ҳақида эсласангиз, шунчалик у нарсага киришиб кетасиз. Шунинг учун ҳам “Мен кўп ейишни, ёки чекишни, ёки эҳтиросга берилишни тўхтатишим керак” деб такрорлайвериш ўз-ўзини енгишдир. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.