Ассалому алайкум. Маълумки, шоколад инсон кайфиятини кўтариш билан бирга одамга куч-қувват бағишлайди. Айнан шундай хислатларни улашадиган шоколаднинг бўлажак оналар орасида ҳам ўрни беқиёсдир. Кўтаринки кайфият улашувчи, лаззат бахш этувчи шоколадни ким ҳам яхши кўрмайди, дейсиз. Ҳатто орамизда шундай аёллар борки, худди ёш болалар сингари шоколадни жону дили билан севади. Бироқ асалнинг ози шифо, деганларидек, шоколад борасида ҳам меъёрни ушлаган маъқул. Айниқса, ҳомиладорлик даврида бу меъёрга ўта жиддийлик билан қараш лозим. Ҳомиладорлик вақти аёлларнинг организмида ҳар хил моддалар алмашинуви кузатилади. Эътибор берган бўлсангиз, кўп аёлларимиз айни шу даврда жуда асабий бўлиб қолишади.
Биламизки, асабийлашиш ва стресс ҳолатлари ўз-ўзидан боланинг соғлигига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олишни шоколадга қўйиб беринг. Ҳомиладор аёллар учун унинг миқдори кун давомида кўпи билан 50 г.дан ошмаслиги керак. Ҳомиладорлик даврида кузатиладиган преэклампсия, яъни ҳомиладорликда учрайдиган кечки токсикоз турларидан бирининг олдини олиши аниқланган. Шоколад таркибидаги теобромин элементи ҳомиладор аёллар учун жуда фойдали. Теобромин юрак фаолиятини яхшилаш, қон томирларини кенгайтириш ҳамда мушакларни ва тана аъзоларини бўшаштириш хусусиятга эга. Шуни айтиш жоизки, шоколад инсон организми учун энг керакли минералларга ҳам бой.
Айнан бундай моддалар ҳомиладор аёллар учун ҳам жуда керак. Дейлик, темир моддаси йўлдош ривожланишида катта роль ўйнаса, магний моддаси бола мия тўқимаси тўғри ўсишида иштирок этади. Бундан ташқари, шоколадда флавоноид қўшимчаси ҳам мавжуд. Бундай аралашма организмда иммунитет тизимини кучайтиради. Шоколаднинг бир қанча ижобий хусусиятлари бўлишига қарамай, унинг салбий жиҳатлари тўғрисида ҳам унутиш керак эмас. Айниқса, шоколад таркибида кофеин моддаси борлиги учун ҳомиладор аёлларга уни кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Акс ҳолда, темир моддаси танқислиги, яъни анемия ҳолати; жиғилдон қайнашининг кучайиши ҳамда аллергик таъсирлар юзага келиши мумкин.
Бу сабаблар оқибатида боланинг ривожланиши ва ўсиши сустлашади. Мутахассислар шоколад организмга фақатгина фойда келтириши учун қора ва энг муҳими, сифатли шоколадларни танлашни маслаҳат беришади. Аҳамият берсангиз, шоколад плиткаси катакларга бўлинган бўлади. Шоколад фойда қилиши учун кунига шу катакчалардан иккитасини истеъмол қилсангиз бас. Шоколад меъёри ва сифати ўзингиз ҳамда туғилажак фарзандингиз саломатлиги учун хизмат қилишини доим ёдда тутинг. Шоколадхўр аёлларимиз шу даврда унинг меъёрига амал қилишса, ҳам ҳузур қилишади, ҳам асабийлашишдан қутулишади.