Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Агарда, сиз узоқ вақт давомида бирор нарса учун ибодат қилиб, натижасини кўрмаётган бўлсангиз, балки бошқа имонлилардан биргаликда келишув ибодатини амалга ошириш учун ёрдам сўраш керакдир. Якдиллик – бу қудратли ва самарали руҳий куч ҳисобланади. 132 — Санода айтилганидек: розилик ибодати Худонинг баракаларини олиб келади. Икки ёки уч киши бирга йиғилса, Исо Масиҳнинг Ўзи уларнинг ўртасидан бўлишни ваъда берган, Унинг ҳузури эса улкан кучни вужудга келтиришга, инсон ҳаётини ва унинг вазиятини ўзгартиришга қодир. У қуйидагича айтган: «Яна сизларга айтаман, агар ер юзида сизлардан икки киши келишув тузиб, нимаики сўрашса, Менинг Осмондаги Отамдан уларга берилади. Чунки қаерда икки ёки уч киши Менинг исмим учун йиғилса, Мен у ерда уларнинг ўртасида бўламан» (Матто 18:19-20). Биз бирликда ва келишувда йиғилганимизда, ибодатимизнинг кучи кўп карра ошади. Каломда бир киши мингтани, икки киши эса ўн мингтани ҳайдаши ҳақида айтилган. Менга бундай ҳисоб-китоб ёқади!
Худованд бирликни дуо қилади, Унинг ҳузури эса – биргаликда Унинг исми учун йиғилганлар билан бирга, шунинг учун шайтон бор кучи билан одамларни бир-биридан ажратишга, муносабатларига низо солишга, ғазаб ва ҳасадга ундашга, жанжал келтириб чиқаришга уринади. Куч – бирлик ва розиликда. Биз Худо билан шахсий муносабатларга вақт ажратишимиз, шу билан бирга розилик ибодатининг кучини ҳам унутмаслик лозим.
Келишув ибодати, ибодатга йиғилган одамлар, ҳар куни тинчлик ва келишувда яшаган тақдирда, маҳсулдор бўлади. Бошқалар билан келишиб яшаш, ҳар хил масалаларда ўз фикрларимизга эга бўлмасликни билдирмайди. Келишув муносабатларнинг ҳамоҳанглигини, ўзаро ҳурмат ва эътиборни, худбинлик, ғазаб, норозилик, ҳасад, хафагарчилик ва ўзини бошқа билан таққослаш – яъни тушунмовчилик ва жанжалларга олиб келадиган ҳамма нарсадан қочишни назарда тутади. Келишиб яшашни спорт жамоасининг ҳаётига ўхшатиш мумкин. Жамоанинг ҳамма аъзолари ҳамжиҳатликда меҳнат қиладилар, бир-бирига далда беради ва руҳлантиради ҳамда ўзаро ишончга эга. Уларнинг ҳаммаси битта мақсадга қараб интилиши туфайли, ҳар битта ғалаба – бу умумий мукофот ҳисобланади.
Келишувни фақат нималигини эмас, балки нима эмаслигини ҳам билиш зарур. Мисол учун, биз ҳафта давомида чўпон тўғрисида ғийбат қилиб, кейин шифокор жиддий ташҳис қўйгани туфайли, ундан шифо сўраб ибодат қилишини илтимос қила олмаймиз. Куни бўйи фарзандларимизга қичқириб, тўхтовсиз айблаб, танқид қилиб, кейин имтиҳонларни мувоффақиятли топшириши учун биргаликда ибодат қила олмаймиз. Ҳамкасбимизни ортидан ҳукм қилиб, кейин ишдан бўшатиш бизгача етиб келмасин, деб биргаликда ибодатда тура олмаймиз. Турмуш ўртоғимиз билан доимий жанжаллашиб, дўстларимизга уни ёмонлаб, кейин у ишини йўқотганида: «Кел, Худо сенга янги иш бериши учун ибодатда келишамиз», деб таклиф қила олмаймиз.
Бирлик ва келишувни сақлаш белгиланган кучни талаб қилади, бироқ келишувда кишиларнинг ибодати олиб келадиган куч шунга арзийди. Худони бирликда яшашга қарор қилганимиз қувонтиради. Тинчлик яратувчи бўлинг, хотиржамликни сақланг ва сиз Худонинг фарзанди, деб аталасиз (Матто 5:9). Бордию, сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, Дилкаш Радио телеграм каналимиздан фойдаланиб бизга хабар юборинг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Раббимиз инояти сиз муҳтарамга ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.