Салом азизлар. Биз ўзимизни камтар тутиб ҳамда Худога бўйсунганимиздан кейин Иблисга қарши туришимиз айтилган. Ёқуб китобининг 4-бобидаги 7-оятда шундай айтилган, “Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади.” Биз ожиз бўлиб унинг хужумларига ўзимизни топшириб қўймаймиз. Биз қарши курашишимиз керак.
Инжилда Масиҳийлик ҳаёти ёвуз кучларга қарши руҳий жанг сифатида тасвирланиб, жанг, ғалаба, қаршилик ва енгиш каби сўзлар ишлатилган. Масиҳийлар душман майдонида хизмат қилаётган аскарларга ўхшатилади. Биз қандай қилиб Иблисга қарши турамиз? Павлус шундай дейди, “Шунингдек, нажот дубулғасини кийинглар, Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар.” (Эфесликларга 6:17)
Биринчи қадам, Худонинг нажотини қабул қилишдир. Сиз Масиҳга ҳа демаган бўлсангиз, Иблисга йўқ дея олмайсиз. Масиҳсиз биз Иблисга қарши ҳимоясизмиз, аммо “нажот дубулғаси” орқали бизнинг онгимиз Худо томонидан ҳимоя қилинади. Шуни ёдда тутинг: Агар сиз имонли бўлсангиз, Шайтон сизни бирор нарса қилишга мажбур қилолмайди. У фақатгина таклиф қилади. Иккинчиси, сиз Шайтонга қарши Худонинг Каломини ишлатишингиз керак. Исо буни чўлда васвасага учраганида намуна қилиб кўрсатди. Шайтоннинг ҳар бир васвасасига қарши, Исо Каломдан жавоб қайтарди. У Шайтон билан баҳслашиб турмади. У шахсий эхтиёжини қондиришда кучини ишлатиш учун васвасага учраганда, “Мен оч эмасман” демади. У оддийгина қилиб хотирасидан Калом оятини айтди. Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Худонинг Каломида шундай куч борки, Шайтон бундай қўрқади. Ҳеч қачон Иблис билан тортишишга ҳаракат қилманг.
У тортишишда минг йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, сиздан кўра яхшироқдир. Сиз ўзингизнинг мантиғингиз ёки фикрингиз орқали Шайтонни қўрқитолмайсиз, аммо бир қурол билан уни титратишингиз мумкин, бу — Худо ҳақиқатидир. Шунинг учун ҳам Каломни ёд олиш васвасани енгиш учун жуда муҳимдир. Сиз васвасага учраганингизда дарҳол буни қўллай олиш имкониятига эгасиз. Исога ўхшаб, такрорлай олишингиз учун қалбингизда ҳақиқат йиғилган. Агар Каломдан бирор оят ёд олмаган бўлсангиз, бу сизнинг милтиғингиз ўқсиз эканлигини билдиради. Мен сизни бундан кейин бутун ҳаётингиз давомида ҳар ҳафтада бир оят ёд олишга чақираман. Қанчалик кучли бўлишингизни тасаввур қилинг. Худо бизни ҳеч қачон ўзимизга ҳаддан ташқари ишонмаслигимизга огоҳлантиради; бу фалокат учун сабабдир.
Еремиё шундай деган, “Кўнгил барча нарсадан кўра алдамчидир ва уни даволаш қийин.” (Йеремия 17:9) Бу биз ўзимизни алдаш учун яхши имкониятга эга эканлигимизни билдиради. Етарлича шароит бўлганида, ҳар биримиз ҳам гуноҳ қиламиз. Биз ҳимоя деворимизни пастлатиб, васвасага бизга таъсир этолмайди деб ўйламаслигимиз керак.
Ҳеч қачон эътиборсиз равишда ўзингизни васвасали ҳолатларга қўйманг. Ёдингизда бўлсинки, васвасадан чиқиб кетишдан кўра, ундан четда юриш енгилроқдир. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Шунинг учун, ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин.”(1 Коринфликларга 10:12)
Азизлар, бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.