3:24

Эр аёлини қандай севиши керак?

MP3

Ассалому алайкум. Оила борасидаги масалаларда Эфесликларга китоби менга жуда ёқади. У ерда оилани мустаҳкам сақлаш ва гуллаб яшнаши учун керакли бўлган, ва ҳар биримизга тегишли бўлган оятларни топишимиз мумкин. Энди бугунги суҳбатимизнинг асосини ташкил қиладиган саволга қайтамиз: “Эр аёлини қандай севиши керак?” Эфесликларга 5:25-33 оятларда эрлар учун аниқ кўрсатмалар бор. Айниқса 25 оят шундай дейди: “Эй, эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар.” Қадим юнон тилида севги сўзи турли сўзлар билан таърифланган. Бироқ мана шу оятда бу сўзни “agape” яъни “Худога ҳос меҳр-муҳаббат” сўзи билан ишлатилган. Демак эрлар ўз рафиқаларини Худонинг меҳр-муҳаббати билан севишлари керак. Эрнинг ўз рафиқасини севиши бу – аёл учун бериладиган энг яхши нарса.

Шу севги билан оиласи учун ишлайди, шу севги сабаб аёлини ардоқлайди ва парвариш қилади. Аммо эркакларга берилган бу амр жуда салмоқли. “Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай”, деб ёзилган. Худо назарда тутган севги бу – шартсиз, худбинликни ўйламайдиган, қурбонлик қилишга тайёр турадиган севгидир. Эрлар хотинларини севишдан мақсад бу худди Масиҳ жамоатни севгандаги мақсад билан бир хил. “Масиҳ жамоатни сув ва Худонинг каломи орқали поклаб, муқаддас қилиш ниятида Ўзини фидо қилди. Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан ҳоли бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ шундай қилди. Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз танасини ёмон кўрмайди. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади.

Масиҳ ҳам Ўз жамоатини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади.” Албатта эр хотини учун ўзини қурбон қилиши керак эмас. Аммо у олдига руҳий мақсадларни қўйиши керак. Аёлини севгани учун, унинг ғамларини енгиллаштириши, унга ҳамдард бўлиши ва тушунишга ҳаракат қилиб, уни турли рўзғор оғирликларидан эҳтиёт қилиши ва вақти келганида вақти, кучи билан қурбонлик қилишга тайёр туриши керак. Каломда ёзилишича, эрлар ўз хотинларини худди ўз танасини севгандек севиши керак. Агар ёдингизда бўлса Ибтидо 2 боб 24 оятда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.” Демак эр – хотин бир тана бўлган экан, эр ўзининг ярми бўлган аёлини худди ўзини севгандек севиши керак. Эр Худонинг янги аҳдини қабул қилгач, энди “эски тана”нинг эски одатлари ва истакларини ташлаб, “янги инсон”га айланиши керак.

Демак, энди Худонинг эрларга берган амрининг асосини ташкил қиладиган “қолдириш ва боғланиш” деган сўзларга амал қилиш керак. Эр то руҳан ота-онасини қолдирмас ва аёлига боғланмас экан, юқоридаги севиш амри тўлиқ бажарилмайди. Муқаддас Битикларда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.” Бу буюк сирдир, энди Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир. Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин.” Эр ўз олдига яна бир мақсадни аёлининг “Масиҳга ўхшаш” характерни ривожлантиришига ёрдам бериши керак. Шу тартибда, эр ва хотин биргаликда умрлари давомида Масиҳга ўхшаш характерни ривожлантиришда бир-бирларига ёрдам берадилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top