3:33

Фойдали таомлар

MP3

Ассалому алайкум. Бугун асосан аёллар ҳам мутаҳасислар ҳам энг кўп эътибор қаратаётган нарса бу тўғри овқатланиш. Аёл киши ўзи тўғри овқатланишни билса ва уни кундалик одатига айлантирса, оила аъзолари ҳам бундан фақат фойда кўради. Биламизки, кам ҳаракатли ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланиш ҳазм тизимига салбий таъсир кўрсатади. Вазиятни ижобий тарафга ўзгартириш учун таомномани овқат толалари (клетчаткалар) билан бойитиш мумкин. Овқатларнинг бундай компоненти бамисоли маъданли туз ва сув каби организмнинг ҳаётий фаолиятида ўта муҳим роль ўйнайди. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият одамлар овқат толаларини тавсия қилинган меъёрдан икки баравар кам истеъмол қилар экан. Овқат толалари — ўсимликнинг анча дағал қисми. Уни парчалашга ошқозон-ичак тизимининг кучи етмайди. У овқат ҳазм қилиш жараёнида пайдо бўлувчи ва йўғон ичакка ўрнашган холестерин, ўт кислотаси ва чиқитларни организмдан «супурги» сингари сидиришга ёрдам беради.

Қайд этиш керакки, клетчатка миқдори мўл бўлган маҳсулотларни ўз ичига олган парҳез ич қотишининг олдини олади, бавосил ривожи хатарини пасайтиради. Қонда холестерин ҳамда қанд миқдорини камайтиради, меъёрдаги вазнни ушлаб туришга ёрдам беради, йўғон ичакда саратон ривожи, юрак касалликлари ва II тур қандли диабетга чалиниш хатарини пасайтиради. Толаларга бой маҳсулотлар етарлича. Буғдойнинг йирик янчилган уни. Клетчатка, микроунсур ва дармондориларга бой маҳсулот. Содда қилиб айтганда, бу ўзимизнинг оддий тегирмонда тортилган жайдари ун. Организм учун зарур моддаларнинг аксарият қисми дон олий навли, оппоқ унга айлантирилаётган пайтда парчаланиб кетади, аммо улар қорароқ, йирик янчилган унда яхши сақланади.

Жавдар (қора буғдой) уни ҳам жуда фойдали ҳисобланади: у кам калорияли, кўплаб озиқа толаларига бой .

У қондаги қанд миқдорини камайтиради ҳамда овқат ҳазм қилиш йўлларини тозалайди.

Кепакли ун ва бошқа ўтлар. Нонуштага бир ҳовуч мева ва ёрмалардан истеъмол қилиш жуда фойдали. Масалан, сули бўтқаси организмнинг клетчаткага бўлган кунлик эҳтиёжининг чорак қисмини қоплайди, сулидаги крахмал эса узоқ вақт одамни тўқ сақлагани ҳолда, аста-секин ҳазм бўлади. Дуккаклилар темир ва рух, озиқа толаларининг ноёб манбаи ҳисобланади. Масалан, бир коса ловия 15 грамм клетчаткага эга. Умуман олганда, барча дуккакли маҳсулотлар парҳез учун соғлом қўшимчадир. Қоринда кўп газ ҳосил бўлишини бартараф этиш учун уларни таомномага мунтазам равишда қўшиб бориш тавсия этилади. Бодом, писта ва ёнғоқлар. Бодомда тўйимли моддаларнинг концентрацияси энг юқори. Пистада калория кам, аммо у соғлиқ учун кони фойда. Артериялар фойдаси учун кунига 70-80 грамм писта истеъмол қилиш лозим.

Пистанинг ўзини ёки бўтқа, йогурт ҳамда турли пишириқларга қўшилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. Нок ҳам кўпгина фойдали толаларга бой мева. Ўртача катталикдаги нокда 5 грамм клетчатка мавжуд. Бу маҳсулотда глюкозага қараганда фруктоза кўпроқ. Шунинг учун ошқозоности бези фаолияти бузилганларга жуда фойдали. Яхши пишган ва серсув нок овқатни ҳазм қилишга ёрдам беради, мустаҳкамловчи хусусиятга эга бўлгани учун ичак оғриқларида фойдали. Қуруқ мевалар: майиз, туршак, олхўри қоқи ва олма қоқи. Бу неъматларнинг барчаси клетчаткага ниҳоятда бойлиги сабаб, ичаклар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Овқат ҳазмини яхшилаш учун ҳар бир овқатланиш олдидан таомномага анжир қоқи, хурмо, майиз, ўрик туршаги ва бошқа қуруқ меваларни қўшиш тавсия этилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top