Ассалому алайкум қадрдон бекалар, мунисалар. Бугун сизлар билан жамиятда ва Худонинг назарида аёлларнинг ўрни ҳақида суҳбатлашишга жазм этдик. Муқаддас Каломнинг Матто китоби 1 оятни ўқисангиз, унда ҳар бир одамнинг исмидан кейин, “Фалончининг ўғли”, деб ёзилган. Бизда ҳам эътибор қилсангиз, “Фарҳод, Азим аканинг ўғли”, деб таништиришади. Бу одат бизга қадимдан, Муқаддас Калом давридан етиб келган. Ҳатто Худованд Иброҳимнинг наслига ваъда берар экан, “Мен ота-боболаринг Иброҳим, Ёқубнинг Худоси сенга…”, деб айтади. Қадимдан одамларнинг назарида эркакнинг ўрни аёлникидан устунроқ бўлган, аммо бу аёлларнинг камситилишига сабаб бўлмаслиги керак эди. Бугунгача ортодокс яҳудийлар Худога шундай ибодат қилишади, “Худо мени аёл қилиб яратмаганинг учун сенга шукур”. Яна бир одам шундай деган, “Мен дўзахда эркаклардан кўра аёллар кўп эканини кўрдим.” Буни ҳақиқат деб ўйласангиз адашасиз.
Бир сафар Қирғизистоннинг Мари деган шаҳрида бўлганимда, ўша ерлик маҳаллий нозирлардан янги очилган масжидни кўрсам бўладими, деб сўрадим. Улар рухсат беришгач, масжид қоровули мени бинонинг орқа томонидан учинчи қаватга олиб чиқди. Учинчи қаватда масжиднинг ибодат қилинадиган катта хонани айлантириб торгина йўлак ясалган бўлиб, бу йўлак зич қилиб ясалган ёғоч панжара билан тўсилган эди. Эркаклар биринчи қаватнинг ўзидаёқ кириб Худога мурожаат қилсалар, аёллар Худога яқинлашиш, сажда қилиш учун анча машаққат чекишлари керак эканлигини кўрдим. Худо ҳам шундай фикрда деб ўйласангиз адашасиз. Матто 1 бобни яхшилаб ўқиб кўринг. Хушҳабарнинг энг биринчи бобида, Исо Масиҳнинг бир хабари бор. “Мен бу дунёга аёллар учун ҳам келяпман.” Эски Аҳднинг ҳамма китобларида, “Фалончи, пистончининг ўғли”, деб ёзилган бўлса, энди Янги Аҳднинг биринчи китобидаёқ Худованд аёллар ҳам Унинг назарида қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатди.
Исо Масиҳ нафақат аёллар учун келди, балки бизнинг яраланган, синиқ юракларимизга далда ва шифо бериш учун келди. Шу Матто китобида тилга олинган ҳамма, Тамара, Раҳоба, Рут, Уриёнинг собиқ хотини, Марям исмли аёлларнинг ҳаёти жуда қийин кечган. Бу аёллар ким эди? Биринчи аёл Тамара. Охиргиси Марям эди. Улар жуда солиҳ ва покиза аёл бўлганки, Худо уларнинг исмини Муқаддас Каломга киритган, деб ўйлайсизми? Йўқ, ундай эмас. Улар муқаддас, солиҳ ва бенуқсон одамлар бўлмаган. Аммо тарихга қарасангиз улар оддий бир аёллар бўлишган. Аслида уларнинг баъзилари жамиятдан четлаштирилган аёллар бўлган. Рутни олиб қарасангиз у келгинди, иммигрант бўлган. У Моаблик бўлиб, Мўабликлар Яхудо халқининг душманлари бўлган. Унинг энг қийин аҳволига Худованд жуда чиройли якун ясади. Уриёнинг хотини Батшебани олинг. Унинг аҳволига ачинамиз ҳолос.
Ўша даврда шоҳнинг ишқи қайси аёлга тушиб қолса, аёллар шоҳ ёки қиролларни ёқтирмаса ҳам, уларга қарши бирор сўз айта олмас эдилар. Аслида бу воқеада энг катта айбдор, Довуд эди. У қироллик ҳуқуқини ёмонлик йўлида ишлатди. Тасаввур қилинг, агар Ботшеба қаршилик кўрсатганида ҳам, ҳеч қандай натижага эриша олмаган бўларди. Раҳобани эсланг, у фоҳиша эди. У Исроиллик аскарларга ёрдам бергани, уларнинг Худосига имон келтиргани учун ҳам, Худованд уни энг оғир шароитидан олиб чиқди. У кейинроқ, исроиллик аскарлардан бирига турмушга чиқиб, Боаз исмли одамнинг онаси бўлди. Боаз эса шоҳ Довуднинг катта бобоси бўлган. Аёлларнинг ҳолати қандай бўлмасин, Худо уларни ҳар бирининг ҳаётини ўзгартира олади. Муҳими, шу нажот берадиган Худога ишониш ва Унга эргашиш.