MP3

Ассалому алайкум қадрдон меҳрибонлар. Хожарнинг ҳаёти ва унинг Муқаддас Каломдаги ўрни ҳақида ўйласак, унинг биз имонлиларга алоқадор ҳеч нарсаси йўқдек туюлади, аммо аслида унинг ҳаётига яқиндан назар ташласангиз, у ҳам сиз билан биздек оддий бир аёл бўлгани, аммо унинг ҳаётидан яхши сабоқ олиш мумкинлигини билиб оласиз. Демак, бизнинг бугунги мавзуимиз – Хожар. У ким бўлган? Унинг Мисрлик бўлгани ва Соро бибига хизмат қилгани ҳақида биламиз. У қачондан бошлаб Сорога хизмат қилишни бошлаганини биласизми? Олимларнинг айтишларича, Сорай фиръавннинг саройига олиб кетилган пайтдан бошланган. “Сарой аъёнлари

ҳам Сорайни кўришгач, уни фиръавнга роса мақташди. Шундай қилиб, Сорайни фиръавннинг ҳарамига олиб келишди.”

Кейин эса Худованд Фиръавннинг бошига Сорай туфайли кулфат юборганидан сўнг “Фиръавн ўз одамларига фармон берган эди, улар Ибромни хотини, ҳамма одамлари ва мол–мулки билан бирга юртдан чиқариб юбордилар.” Одамлари деганда бу жойда Сорайга хизмат қилган Хожар ҳам назарда тутилган. Хожарнинг вазифаси Сорайга хизмат қилиш эди. Каломда то Сорай Хожарни ўз эрига олиб берадиган пайт келмагунча, бу чўри ҳақида ҳеч нима ёзилмаган. У Мисрдан бекаси билан бирга чиқиб кетганидан кейин жуда кўп йил садоқат билан хизмат қилган. Кейин эса Сорай Худонинг ваъдасига ва уларнинг эри билан ҳаётидаги режасига шубҳаланиб қолганидан кейин Иброхимга шундай деди, “— Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман. Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди.” Бу ҳақида Хожардан сўраб ҳам ўтиришмади.

У чўри бўлгани учун уларнинг бу қарорига шунчаки рози бўлиши керак эди. Хожар тезда ҳомиладор бўлди. Мана шундан кейин ҳақиқий драма содир бўлишни бошлайди. Хожар бир неча йиллардан бери Иброхим билан Соронинг уйида чўрилик қилиб, уларнинг хизматини қилиб, Худонинг Ибромга берган ваъдасидан бехабар қолиши мумкин эмасди. У ҳам Худонинг хожаси Ибромга берган ваъдасидан хабардор эди. Шунинг учун ҳам у, “Демак, бу ваъда мен орқали амалга ошар экан-да”, деб ўйлаб, ички ғурури бош кўтарди. У ўзини бекасидан ҳам устун кўра бошлади. Ахир бекаси туғмас аёл бўлса, бу аёлдан хожаси Ибромга қандай наф? Энди у ўзини чўридек эмас, бекадек тута бошлади. У Мисрлик эди. Аммо Яхудийларнинг одатларига кўра, чўридан туғилган фарзанд ҳам беканики бўлишини у тасаввур ҳам қилолмасди. У ўзини баланд тутиб бекасини менсимаётгани Сорайга жуда ёмон таъсир қилди.

Кейин эса у бориб, эри Ибромга шикоят қилди: “Ибром Сорайга: — Ҳозир ҳам у сенинг чўринг, унга истаганингни қилавер, — деб жавоб берди. Сорай Ҳожарга шунақанги шафқатсизлик қилдики, Ҳожар қочиб кетишга мажбур бўлди.” Бу жавобдан сўнг Сорай Хожарнинг ўрни қаерда эканини кўрсатиб қўйиш учун уни яна ҳам оғирроқ ишлар қилишга мажбурлади. Охири Хожар қочиб кетди. Каломдаги “шафқатсизлик қилди/қийнади”, деган сўз Фиръавннинг Иброний халқига қилган муносабатида ҳам ишлатилган. Хожар Сорайдан қочиб чўлга кетди. У ўшанда Мисрга қайтишни режалаштирган бўлса керак. Мана шу ерда бу ҳикояга Худо аралашади. У Шурда, Канон юртининг жанубий чегараси бўйида жойлашган шахардаги булоқ ёнида тўхтаганида Худонинг фариштаси унга гапирди. Шу жойда Хожарнинг фариштага қилган муносабати жуда ҳам қизиқ қа ноодатий. Нега ундай муносабат қилганини кейинги суҳбатларимиздан билиб оласиз. Бизни тинглашда давом этинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top