3:49

Исонинг онаси

MP3

Ассалому алайкум қадрдон она сингиллар. Исо Масиҳ хочда ўлганидан кейин Унинг онаси Марямнинг тақдири қандай кечди? Бу ҳақида ҳам Муқаддас Каломда ёзилган. Марям ўғли Исо Масиҳни хочга михлашаётганида Унинг олдида бўлган. Буни она сифатида кузатиб туриш нақадар азобли эканини тасаввур қилсангиз керак. Матто Хушҳабарида бу ҳақида шундай ёзилган, “У ерда бир талай аёллар ҳам бор эди, улар узоқдан қараб турган эдилар. У аёллар Жалиладан Исога эргашиб келган ва Унга хизмат қилгандилар. Уларнинг орасида Магдалалик Марям, Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям

ва Забадий ўғилларининг онаси ҳам бор эди.” Онаси Исо Масиҳнинг то жони узилгунча бўлган 6 соат вақт давомида ўша ерда бўлган. Ҳеч бир она боласини бундай аҳволда ташлаб кетмайди. Ишончим комил, у ҳатто Ариматеялик Юсуф деган одам ҳокимдан рухсат олиб Уни ўзи учун тайёрлатган қабрига олиб келиб кўмгунича ҳам ёнида бўлган.

Исо Масиҳ жон берганида уч соат ҳамма ёқни қоронғулик қоплагани ҳақида Каломда ёзилган. Бу пайтда Унинг онаси Марям нима ҳақида ўйлади экан? Луқо китобида ҳам шундай оятлар бор, “Жалиладан Исо билан бирга келган аёллар Юсуфнинг орқасидан эргашиб бордилар. Улар қабрни ва Исонинг жасади қандай дафн қилинганини кўрдилар.

Улар уйларига қайтиб бориб, жасадга суртиш учун хушбўй мойлар ва атирлар тайёрладилар. Шаббат куни эса, Қонунда буюрилгандай дам олдилар.” Демак юқорида биз айтган тахми тўғри. Исо Масиҳни чиндан севган аёллар, унинг онаси ҳам Юсуф то Исо Масиҳни қабрга қўйгунча у билан отидан эргашиб борган. Юҳанно Хушҳабарида эса Юҳанно бу ҳақида шундай ёзади, “Исонинг хочи ёнида Унинг онаси ва холаси, Клопанинг хотини Марям ҳамда Магдалалик Марям турар эдилар. Исо онасини ва онаси ёнида турган севикли шогирдини кўрди. Исо онасига: — Она, мана бу сизнинг ўғлингиз! — деди.

Кейин шогирдига қараб: — Мана бу сенинг онанг! — деди. Ўша вақтдан бошлаб у шогирд Марямни ўз уйига олди.” Агар шу парчанинг асл нусхасига қарайдиган бўлсак, бу ерда “Она, мана бу сизнинг ўғлингиз”, деган гапдаги “она” сўзи “аёл”, деб таржима қилинган. Орамий тилида ёзилган “аёл” сўзи катта ёшли инсонга ҳурмат билан айтиладиган сўз ишлатилган. Бундан билишимиз мумкинки, шу ондан бошлаб, Исо Масиҳ ҳамма учун қутқарувчи Раббий бўлганидек, Ўзининг онаси учун ҳам қутқарувчи Масиҳ Раббий бўлди. У Ўзининг севикли шогирди Юҳаннога онасини топширади. Шу ондан бошлаб ҳаворий Юҳанно Исо Масиҳнинг онасига ўзининг онасидай ғамхўрлик қила бошлайди. Исо Масиҳ осмонга кўтарилгандан кейин Ҳаворийлар китобида Исо Масиҳнинг онаси ҳақида яна бир марта Ҳаворийлар 1 боб 13-14 оятларда ёзилган. “Улар шаҳарга кирганларидан кейин, ўзлари турадиган хонадоннинг болохонасига чиқдилар.

Бутрус, Юҳанно, Ёқуб, Идрис, Филипп, Тўма, Бартоломей, Матто, Алтей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Шимўн, Ёқуб ўғли Яҳудо шу ерда эдилар. Улар доимо ибодат қилгани йиғилишарди. Улар қаторида баъзи бир аёллар, шунингдек Исонинг онаси Марям ва Унинг укалари ҳам бор эди.” Шундан англашиладики, Исо Масиҳнинг онаси ва Унинг укалари шогирдлар қаторига қўшилиб, улар билан бирга йиғилишиб туришган. Улар илк жамоат аъзолари бўлишган. Аммо Муқаддас Каломда Исо Масиҳнинг онаси қанча вақт яшагани ҳақида маълумот берилмаган. Каломда ёзилишича, қабр тоши ағдарилганини кўрган пайтда у ерда иккита аёл бўлган. Улардан бири Масиҳнинг онаси бўлган бўлса керак. Бундан кейин Марямга нима бўлгани муҳим эмас, муҳими сиз Исо Масиҳга ишонмасангиз, ўлимингиздан кейинги тақдирингиздир. Чунки Унинг онаси ўлимидан кейин жаннатда Худо фарзандлари учун тайёрланган жойда бўлгани аниқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top