3:34

Эрни ҳурмат қилиш йўллари

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз мавзуси эрни ҳурмат қилиш ҳақида. Албатта агар яқинда турмуш қурган бўлсангиз, бу ҳақида кам нарса билишингиз табиий. Эфесликлар 5 боб 33 оятда шу ҳақида ёзилган. “Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин.” Оятнинг иккинчи қисми айнан биз аёлларга тегишли. Ҳурмат бу оилалар орасида унчалик кўп аҳамият берилмайдиган бир нарса бўлиб қолди. Ёшларга бу ҳақида кераклича таълим берилмаётгани туфайли, улар оилада севгидан бошқа нарса керак эмас, деган фикрга бориб қолганлар. Ёш йигит билан қиз турмуш қуришидан олдин, улар энг аввало оилада бир бирларига қандай муомала ва муносабат қилишлари ҳақида ўрганишлари лозим. Чунки Худованд оилада эр учун ҳам ҳотин учун ҳам алоҳида вазифаларни берган. Аёл никоҳда ўз эрининг бошлиқлик ўрнини ва вазифасини ҳурмат қилиши керак.

Чунки эр оила боши экани ҳеч кимга сир эмас. Худо сизнинг эрингизни оилангизда бошлиқ бўлиши учун яратган. Бу – у нафақат оилавий ишларда қарор чиқарувчи балки, руҳий бошқарувчи ҳам, деганидир. Аёллар одатда катта ва муҳим қарорларни чиқаришга қийналадилар. Биздаги ҳиссиётлар қарор чиқаришимизга ҳалал беради. Бизнинг вазифамиз бу қарорларни чиқаришда ёрдам берадиган маълумотларни тўплаш ва айтиб бериш бўлиши керак. Фақатгина шу эмас, доно эр қарор чиқаришда аёлининг ҳам маслаҳатини эшитиб кўради. Агар у сиз айтган маълумотдан фойдаланмай, кейин қилинган қарор оқибати кутилган натижага олиб келмаса ҳам, “Ана, мен айтган эдим-ку!”, деманг. Асло унинг қарорларини танқид қилманг. Яхши қарорлар қилганида уни мақтаб, сизни ва оилангизни шундай юкдан ҳалос қилгани учун миннатдорчилик билдиринг.

Ҳаётингизда эрингиздан бошқа эркак жинсидаги одамлардан маслаҳат олишга ҳаракат қилманг. Энг яхши маслаҳатгўй бу сизнинг турмуш ўртоғингиз бўлсин. “Агар у Худонинг йўлидан юрмайдиган одам бўлса-чи?”, дейсизми? Унда унинг қарорлари Худонинг Каломига қарши чиқиш чиқмаслигини ўйлаб кўринг. Агар қарши чиқмаса, албатта уни бажаринг. Аммо агар қарши чиқсаю, бироқ бу гуноҳга етакламаса ҳам унинг бу қарорини ҳурмат қилиб бажаринг, бироқ натижасини имон билан Худонинг қўлига беринг. Чунки Каломда “Аёлнинг боши эр”, деб айтилган. 1 Коринфликлар 11 боб 3 оят шундай дейди, “Лекин билингларки, аёл эркакдан яратилган, ҳар бир эркакнинг ҳаёт манбаи Масиҳдир, Масиҳнинг ҳаёт манбаи эса Худодир.” Аёл сифатида эрингизнинг таъминотини ҳурмат қилинг. У қанча топса борига қаноат қилиб, раҳмат айтинг.

Топганлари оила ҳаражатларига ва фарзандлар муҳтожлигига етмаётган бўлса, уни янада кўпроқ пул топиб келишига рағбатлантиринг. Имкон бўлса, унинг рухсати билан рўзғорга қарашиш учун сиз ҳам меҳнат қилинг. Унинг жинсини ҳурмат қилинг. Худованд сизни заифроқ қилиб яратганини тан олинг. Баъзи иродаси кучли аёллар кўп нарсани қила оламан, деб ўйлайдилар. Аммо бундай қилманг. Худованд эркак учун тайин қилган вазифаларни уларнинг ўзларига топширинг. Бу ишларни қилаётганларида эса раҳмат айтиб, уни мақтаб қўйишни унутманг. Сиз унинг учун мададкор этиб яратилгансиз. Чунки эркак аёл учун эмас, аёл эркак учун яратилган. Сиз эрингизни буюрилганидек ҳурмат қилар экансиз, ўз навбатида эркаклар ҳам ўз аёлларини севишлари керак. Эрингизни ҳурмат қилиш одатингизга айлансин. Баъзан эрлар ўзларига юклатилган вазифани бажармайдилар, аммо бу ҳам сизга уни ҳурмат қилмасликка имконият бермайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top