2:47

Чин дилдан

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаётда биз қилишни ёқтирмайдиган, бизга зерикарли бўлган ишларни қилишимизга тўғри келишини ҳаммамиз яхши биламиз. Баъзилар шундай ишларни бошқаларга пул тўлаб қилдиради. Кўпчилигимиз эса, зерикарли бўлса-да бир амаллаб шу ишларни ўзимиз қиламиз. Бу ишларни қилиш билан ҳеч қандай фойда топмаймиз, шунинг учун ҳам бу ишлар биз учун зерикарли ва оғир туюлади. Шунга ўхшаш ишларни қилаётганимизда, минғирлаймиз, нолиймиз ва ҳокозо. Шу ишларни қилиш бизга буюрилганда, ёқмагани, унчалик муҳим кўринмагани учун ҳам бу ишларга чин дилдан ёндашмаймиз. Шунчаки наридан-бери қилиб қўйиш ҳақида фикрлар келади ҳаёлимизга. Баъзан ўз-ўзимизни: «Кейинги сафар яхшироқ қиламан» , — дея алдаймиз.

Аммо эътибор берганмисиз, бир ишга астойдил, чин дилдан киришсангиз, бу иш ҳеч қачон зерикарли бўлмайди. Қилиниши керак бўлган ишга бутун диққатимизни қаратсак, ишни қўлимиздан келганча яхши бажаришга ҳаракат қилсак, ҳаркатларимиз мукофотланади. Ҳатто энг оддий ишлар ҳам чин кўнгилдан бажарилса, Худога улуғлик олиб келади. Шундай экан ҳаётга ва бошқа нарсаларга бўлган қарашларингизни ўзгартиринг – ҳаётингизга чин дилдан ёндашишга қарор қилинг. Сиз учун қайси ишлар зерикарли туюлади? Кийимларга дазмол босишми ёки кир ювишми, балки уй ишларидир? Қандай иш қилманг, уларга чин дилдан ёндашинг, ярим-ёрти бажарманг. Шунда шу кичик ишингиз билан ҳам Худони улуғлаган бўласиз.

Яна қандай ишларни чин дилдан бажаришимиз мумкин?! Забур китоби шундай дейди: «Мен чин кўнгилдан Сенга ёлвордим, ваъдангга кўра менга меҳрибонлик қилгин!» (Заб 118:58). «Чин кўнгилдан ёлворяпман, менга жавоб бергин, эй Худованд!» (Заб 118:145). Демак, ибодат қилганимизда ҳам, Калом ўқиганимизда ҳам, Худога ёлворганимизда ҳам чин кўнгилдан қилишимиз керак экан. Биз Худога чин кўнгилдан нимани беришимиз мумкин? Ҳамду-саноларимизни, шукрларимизни ва вақтимизни. Ҳаворий Павлус бизни нимаики қилсак ҳам, чин кўнгилдан қилишга ундайди. У : «Қилаётган ишингга қалбингни бер» — дейди. Шунда «бу ишни қила олмайман» — деган сўзлар бўлмайди. Агар ҳар бир ишимизни чин дилдан бажарсак, ҳатто кунимиз жуда банд ўтган бўлса ҳам, кўнглимиз тўлган кунга айланади.

Гап Худо ҳақида кетар экан, ярим-ёрти, яримигача деган сўз бўлмаслиги керак. Ишни йўлнинг ўртасида ташлаб кетиш ярамайди. У биздан бошлаган ишимизни охирига етказишимизни кутади. Муқаддас Каломда Худованд Ўз халқидан нимани исташи ҳақида ёзилган. Келинг, мана шу оятни эътиборингизга ҳавола қиламан: «Эгангиз Худованд сиздан нима талаб қилади? Ундан қўрқишингизни, Уни севиб йўлларидан юришингизни, Унга бутун қалбингиз билан хизмат қилишингизни ва Унинг амрларига амал қилишингизни истайди. Буларнинг бари сизга яхши бўлиши учундир.» Чиндан ҳам Худони улуғлашнинг ягона битта йўли йўқ. Худо ҳар биримизга турли вазифаларни беради. Биз уларни Худо истаганича, ўз услубимиз билан бажаришимиз мумкин, бироқ бу ишларнинг ҳаммасини чин дилдан қилишимиз шарт.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top