4:00

Агар хохласак бахтли бўламиз.

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар ва тенгдошларим. Дунёда қайси инсон бахтли бўлишни истамайди дейсиз. Айниқса биз аёллар бахтли бўлишни кўпроқ хохлаймиз. Хаётимиз давомида бахтли бўлишнинг сир-у-синоатларини ва йўлларини қидирамиз. Биз билан яшаётган жуфтимизнинг биз билан бахтли бўлиши йўлида бутун кучимизни сарфлаймиз. Бугун хам бахтли бўлиш учун нималар зарурлиги хақида сухбатлашамиз. Бахтли бўлишни истасангиз, сухбатимизни диққат билан эшитинг. Бахтли бўлиш учун авваломбор яхши ният қилиш керак. Буни хамма билади-ю, лекин тарки одат амри махол деганларидай, изтироб чекиб тушкунликка тушаверади. Бу табиий хол, чунки биздаги нуқсон болаликдан илдиз отиб келяпти-да. Аммо барибир, фикримизни ўзгартиришга мажбурмиз. Бугунги кунда хар қандай шифокор биладики, биз нохуш фикр-ўйларимиз билан нафақат атрофдагиларнинг кайфиятини бузамиз, балки ўзимизнинг саломатлигимизга хам жиддий зарар етказамиз. Кейин эса гиёхлардан дамламалар тайёрлаб ичиб юрамиз. Айни чоғда ўт пуфаги билан буйракни эмас, бўлмағур фикрлар ғужғон ўйнаётган миямизни даволаш кераклигини унутиб қўямиз. Хўш, бахтли бўлишнинг йўли борми?. Фикрлаш тарзимизни ўзгартириш мумкинми? Ушбу ўринда сизга рамзий тимсоллар ёрдамида фикрлаш усули яқиндан ёрдам беради, деган умиддамиз. Тасаввур қилиш ва уни хотирада жамлаб туриш жуда мухим. Асфальт олов пуркайди. Тиқ этган шамол йўқ. Автобус салони янада дим… мотори қизиб кетган. Ташқаридан қайноқ ховур киради холос. Одамлар сув бўлиб оқяпти. Бу жаханнамдан чиқишга илож йўқ. Манзилимга етиб олишим керак-да, ахир. Шунда фавворалар сувига тикилганча, ўзимни хаёлан фаввора остида тасаввур қилдим. Муздек сув томчилари қайноқ танамга томадию, этларимни сескантириб юборади. Кейин эса сувда чўмилаётганимни, муздеккина сув танамни яйратиб юборганини, сузаётиб, оёқ-қўл мушакларим таранглашганини хис қилдим. Айниқса, муздек сувнинг танамга ором бахш этаётганини тасаввур этдим. Кейин эса яна… иссиқ, дим автобусга қайтдим. Қарасам, этиб жунжикиб кетибди. Мен чиндан-да, муздек сувда чўмилгандай эдим. Манзилимга хам сира қийналмай етиб олдим. Энди орзу қилаётган нарсангизни хаёлингизда тиклашингиз мумкин. Уйингиз, мебелингиз эски, русумдан қолган. Сиз эса уларни алмаштиришни истайсиз. Буни хаёлан хохлаган пайтингизда бажаришингиз мумкин. Тасаввур қилинг Европача таъмирланган хонада ўтирибсиз. Хаёлан уйга истаган мебелни ўрнатиб безатинг, дарпардаларни ўзгартиринг. Ўзингиз эса шинамгина қулай оромкурсиларнинг бирида ўтирибсиз. Бу ўринда нохуш манзараларни ёқимлиси билан алмаштиришни ўрганиш зарур. Турмушдаги муаммоларга келсак… Ўзингизни бемажол хис қиляпсиз, дейлик. Шу дамда ўзингиздан бирон касал изламанг. Агар излайдиган бўлсангиз, айнан ўша хасталикка йўлиқишингиз турган гап. Аксинча ўзингизни соппа-соғ холатда тасаввур қилинг. Бундан яқинларингиз қанчалар қувонишини, ўзингиз учун эса янги имкониятлар очилишини ўйланг. Асосий образ мукаммал тарзда, чин хаётий кўринишда шуурингизга сингиши лозим.

Аслини олганда биз тимсолий фикрлашни биламиз. Фақат бугунги кунгача нохуш нарсаларни ўйлаганмиз холос. Масалан, ишхонадаги бошлиқлар билан бўладиган жанжални, оиладаги етишмовчиликларни, нарх-наво ошиб бораётгани, қайнона-келин, эр-хотин ўртасида бўладиган жиқиллашишни ўйлаганмиз. Шундай бўлгач, бу фикрий тимсоллар чин хаётга кўчади-да! Масалан, болангиз кўчада хаяллаб қолса, яхши нарса хақида ўйлайсизми ёки ташвишланиб ёмон хаёлга борасизми? Албатта ёмон хаёлга борасиз, чунки хавотирланмай иложингиз йўқ. Бундай пайтда одам ўзини идора қилиши жуда қийин. Аммо шунга ўзингизни мажбурлашингиз керак. Акс холда нохуш хаёлларингиз ростга кўчади. Зотан фикр моддий кучга эга. Бу холат салбий –тимсолий фикрлаш деб аталади. Агар салбий фикрларингизни ижобийси билан алмаштиришни истасангиз ва чиндан бахтли бўлишга қарор қилган бўлсангиз бизнинг кейинги сухбатимизни тингланг. Кейинги сафар бахтли бўлиш хақидаги мавзумизни давом эттирамиз. Мен хамдардингиз Лола сизларга кўркам бахт тилайман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top