4:01

Ички гўзаллик

MP3

Ассалому алайкум гўзал ва бетакрор опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан яна суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Сизлар билан суҳбатлашиш менинг энг севимли машғулотим. Бугун сизлар билан ички гўзаллик ҳақида суҳбатлашамиз. Бу ҳақида Муқаддас Каломнинг 1 Бутрус3 боб 4 оятида шундай ёзилган: «Аммо яширин қалбингиздаги ювош ва сокин Руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин.” Бу гўзаллик ортиб бориши керак. Сокин ва ювош Руҳ Худога ёқади. Бу билан ҳамма аёллар бирдай Флегматик темпераментидаги аёллар каби бўлишлари керак демоқчимасман. Аксинча. Худо ҳар бир аёлни ягона ва бетакрор қилиб яратган. Ювош ва сокин Руҳ хар қандай ҳолатда ҳам ўзини ҳотиржам тутадиган аёлларда кўринади. Холерик ва Сангуин темпераментидаги аёллар қийин вазиятларда ўзларини ҳотиржам тута олмайдилар. Ювош ва сокин Руҳ Муқаддас Руҳда юриш давомида пайдо бўлади. Агар ювош ва сокин руҳга эга бўлишни истасангиз Муқаддас Руҳда юришни бошлашингиз керак. Ишаё пайғамбарнинг китобида шундай ёзилган: «Бутун ҳаёли сенда бўлганларни мутлақ ҳотиржамликда сақлайсан”. Ҳаётимиз давомида турли хил ҳолатлар ва вазиятларга дуч келамиз. Балки шу чоққача ўзингизни қийин вазиятларда ҳотиржам тута олмагандирсиз, бироқ энди бунинг иложи бор. Сиз кун давомида турли хил одамлар билан учрашасиз, суҳбатлашасиз, одамлар билан мулоқотлар ва муносабатлар давомида ўзингиздаги ювош ва сокин руҳнинг юзага чиқишига имконият яратилади. Аёлдаги ҳақиқий ички гўзаллик унда Муқаддас Руҳнинг мевалари кўринганидагина юзага чиқади. Худованд билан муносабатингиз мустаҳкам бўлсин, шунда Муқаддас Руҳнинг самараларига эга бўласиз. Шу ўринда Муқаддас Каломдаги бир оятни эслатиб ўтмоқчиман: «Мен шуни айтмоқчиман: Илохий Руҳ амри билан яшанглар, шунда табиатингиздаги ёмон эҳтирослар жунбушга келмайди.” Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиган аёлда Унинг самаралари бўлган, мухаббат, севинч, ҳотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, садоқат, мулойимлик ва ибо кўринади. Аёл ташқи кўриниши унчалик гўзал бўлмаса ҳам ундаги ички гўзаллик ташқаридан порлаб туради ва аёлни яшнатади. Агар аёл ўз хохишларини қондириш учун яшайдиган бўлса унинг натижаси хам ташқи томондан кўринади. Бироқ у Илоҳий Руҳнинг бошқарувига кўра яшаса унинг ҳаётидаги Илоҳий Руҳнинг самаралари уни безаб туради. Буларга эса Худо Каломини ўқиш, ибодат қилиб, Худо билан муносабатда бўлиш орқали ва ҳар куни Унинг иродасини бажариш орқали эриша оламиз. Худо билан муносабатда бўлиш, доимо ибодат қилиб юриш ва Унга итоатли бўлиш аёлнинг характерини, одатларини, вазиятларга бўлган жавобларини ўзгартиради. Аёл киши ўзининг чиройли оёқлари ва текис юриши билан мақтанмасин. Чунки у ташқаридан чиройли юрадиган ойимча бўлса ҳам, қалбан чўлоқ, Худо билан муносабатда оқсайдиган мажруҳ бўлиши мумкин. Шу сабаб ҳам ташқи гўзаллигингиз билан мақтанманг. Сизнинг мақтанадиган бойлигингиз ички гўзаллигингиз ва Муқаддас Руҳнинг ҳаётингиздаги самаралари бўлсин. Агар сиз ички гўзаллигингизни орттиришни истасангиз биринчи ўринда ҳар куни ўрнингиздан турибоқ, Худо билан муносабатда бўлишга шошилинг. Кунингизни Худо Каломини ўқиш ва уқиш билан бошланг. Кун давомида Худонинг буйруқларини бажаришга ҳаракат қилинг. Харакатингиз чин дилдан бўлсин. Ибодат қилиб, Муқаддас Руҳдан ёрдам сўранг. У кун давомида сизга Худонинг иродасини билдириб турсин. Яқинда бир фильмдан ажойиб бир гап эшитдим. Унда бир йигит дўсти ҳақида шундай дейди: «Хар куни олдимиздан турли хил ҳолатлар чиқади. Биз ёмонлик қилишга мажбур эмасмиз. Ҳеч қачон мажбур бўлмаймиз ҳам. Чунки бизда танлаш ҳуқуқи бор. Дўстим эса тўғри нарсани танлай билди.” Бу сўзлар мени ўйлантириб қўйди. Худо ҳам кун давомида турли хил ҳолатлар ва вазиятлар орқали тўғри қарор қилишга ундайди. Бироқ Уни эшитяпмизмикан? Азизлар кунингиз давомида ҳатто энг кичик ҳолатларда ҳам тўғри қарор қилишингизга тилакдошман. Доимо гўзал ва мафтункорлигингизча қолинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top