3:44

Жахл, хусумат ва алам каби муаммолар

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Мен Лола бугунги суҳбатимиз ҳаммамиз учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлишига ишонаман. Ҳис-туйғуларнинг ҳаммаси ҳам бизнинг фойдамизга ишламайди. Мухаббат, хайрихоҳлик, хотиржамлик каби ҳис туйғулар биз учун фойдали. Бироқ жахл, хусумат, алам каби ҳис туйғулар эса турмушимизни бузадиган ва соғлиғимизга жиддий таъсир кўрсатадиган сабаблардир. Ҳар бир темпераментдаги кишилар жахлларини турлича намоён этадилар. Сангуин темпераментидаги кишиларнинг жахллари жуда тезда чиқади, бироқ бир оздан сўнг эса ҳаммаси аввалгидек бўлиши мумкин. Холерик темпераментидаги кишилар узоқ вақт ғазаб отидан тушмайдилар. Меланхоликлар эса камдан-кам холатдагина тез жахл отига минадилар. Одатда бундайлар жахлларини ичларида сақлайдилар ва қасос олишнинг қулай пайтини кутадилар.

Флегматиклар эса жуда камдан-кам жахлларини кўрсатадилар. Бундайларнинг иккинчи темпераменти юзага чиқмагунча жахлларини кўрсатмайдилар. Кўпгина кишиларда икки хил темперамент бўлади. Жахл ҳақида суҳбатлашар эканмиз аччиқланишнинг бир неча турларини келтириб ўтишимиз керак бўлади. Буларга аччиқланиш, жахл, қасос олиш хоҳиши, ҳужум, хусумат ва бошқалар. Бу сифатлар оиланинг тинчини бузадиган асосий сабаблар бўлади. Агар оилада ота-она шундай салбий ҳис-туйғуларга эга бўлса болаларнинг руҳига салбий таъсир кўрсатади. Жахл одамлар орасида кезиб юрадиган кўринмас куч. Кишилар унинг таъсирларидан бехабар қоладилар. Баъзан ёш оналар чақалоқларининг тинимсиз йиғлашларидан, инжиқликларидан асабийлашиб, болаларига жахл қилишгача борадилар. Бироқ бундай қилганларидан ўзлари ҳам қийналардилар. Баъзилар яқинларига бўлган жахлни ниқоблашга ҳаракат қиладилар. Бироқ жахлни бу тарзда йўқотиб бўлмайди. Кўпчилик имонлилар жахлни нормал ҳолат, деб қабул қиладилар.

Бироқ Муқаддас Китобдаги Эфесликлар 4:26-27 оятларда шундай ёзилган: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар.” Бу оятдан шундай хулосага келамиз: 1) Гуноҳ қилма, 2) Қуёш ботгунча ғазабдан қайт, 3) Иблисга имконият берма. Кимдир менга: «Агар кимдандир хафа бўлсанг, сенинг хафачилигинг унга қийинчилик туғдирмайди, аксинча ундан хафа бўлиб юрганинг учун фақат сен қийналасан”, деган эди. Жахл ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Яқинларимизга жахл қилиб, уларга нисбатан юрагимизда гина сақлаб юрсак, бундан фақат ўзимиз қийналамиз. Жахл муҳаббатга жой қолдирмайди. Кимдандир аччиқлансак, юрагимизда унга нисбатан муҳаббат бўлмайди. Уни севолмаймиз. Холбуки, Худованд бизга биродарингни сев деб буюрган. Биродарни севмаган киши, Худонинг амрини бажармаган ва Унга нисбатан итоатсизлик қилган бўлади. Бундан келиб чиқадики, бошқа одамдан хафа бўлган ёки жахлимиз чиққан бўлса ҳам, айни дамдаги ҳолатимиз Худо билан бизнинг орамиздаги муаммо бўлиб қолаверади. Бу муаммо учинчи одамга таалуқли эмас.

Жахлни йўқотишнинг иложи бор. Бунинг учун энг аввало жахлни гуноҳ деб билишимиз керак. Иккинчидан эса жахл қилганингизни гуноҳ эканини тан олиб, Худодан кечирим сўранг. Учинчидан юрагингиздаги жахлни олиб ташлашини илтимос қилинг. Тўртинчидан, жахл ўрнига юрагингизни Муқаддас Руҳи билан тўлдиришини сўранг. Бешинчидан эса сизнинг жахлингизни чиқарган нарса учун Худога шукрона билдиринг. Чунки шу нарса орқали сиз жахлдан озод бўлиш имконини топасиз. Олтинчидан, ҳар сафар жахлингизни чиқарадиган нарса юзага келса, юқоридаги босқичларни такрорланг. Жахл қилиш одати сизда бир кунда пайдо бўлиб қолмаган, бир кечада йўқолиб ҳам қолмайди. Бироқ юқорида айтганларимизга амал қилган ҳолда жахл билан курашсангиз сиздаги жахл қилиш одати аста-секин йўқолиб боради. Сухбатимизни диққат билан тинглаганингиздан хурсандмиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top