2:58

Сузишнинг қандай фойдаси бор?

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Биз аёлларни эркаклардан фарқли томонимиз жуда кўп. Биз бир вақтнинг ўзида ҳам иш, ҳам рўзғор, ҳам болалар ҳақида ўйлай оламиз. Биз ҳар бир нарсанинг ипидан-игнасигача бўлган қисмларини кўра оламиз. Эркакларимиз эса аксинча, улар бир нарсани ўйласа, шундан бошқа нарсани миясига сиғдира олмайди. Бу сафарги суҳбатимиз сиз аёлларга ёрдам бериши шубҳасиз. Деярли ҳамма аёллар фарзандининг ақли расо ва жисмонан соғлом бўлишини истайди ва бу йўлда ҳаракат қилади. Ўғил ва қизларимизни турли спорт тўгаракларига берамиз. Бироқ шундай фарзандлар борки, қаттиқ спорт тури соғлиғига тўғри келмайди. Бундай пайтда сузиш энг яхшисидир.

Қадимги юнонлар сузишни ўқиш билан бир қаторга қўйишган, сузишни билмаган инсонни эса саводсиз кишилар қаторида санаганлар.

«Қобуснома» асарида сузишни билишнинг аҳамияти нақадар катта ва муҳим эканлиги, жонли мисолларда баён қилинган. Асарнинг «Фарзандни парвариш қилмон зикрида» бобида сувда сузишга оид ибратли фикрлар келтирилган.

Мирзо Бобурнинг ўғли Хумоюн Ҳиндистонда отаси салтанатини тиклашда бошига оғир мусибат тушганда, ўлимдан фақат ўзи ва яқин кишилари сузишни яхши билгани учун омон қолганлигини таъкидлайди. Жалолиддин Мангуберди деган тарихий шахс ҳам чингизийлар таъқибидан ва дахшатли дарёнинг гирдобларидан уста сузувчи бўлгани учун омон қолган ва узоқ вақт чингизийларга қарши кураш олиб борган.

Юқорида келтирилган мисоллар сузишни инсон ҳаётидаги аҳамиятини бир томони бўлса, иккинчи томони эса сув машқларининг инсон саломатлиги учун нақадар муҳимлигидир. 21 асрда бутун дунёда чўмилиш ва сузиш инсонларнинг энг севимли машғулотларидан бирига айланди.

Сув ва сув машқлари организмни чиниқтиради ва соғломлаштиради. Чўмилиш ва сузиш даврида мушак тўқималарида ва нерв охирларида содир бўладиган механик қўзғолишлар организмга массаждек таъсир қилади.

Сузиш юрак қон-томир тизимида мускулларни ривожлантиради ва моддалар алмашинувини жадаллаштиради. Сузишнинг айниқса нафас олиш тизимига таъсири беқиёсдир. Одатда сувда сузаётганда беихтиёр нафас олиш зўр келади. Агар сузаётган киши ҳавони ўпкага тез олиб, узоқ-узоқ чиқарса, ўпканинг ҳаётий сиғими ошади. Бу эса ҳар хил ўпка касалликлари келиб чиқиши олдини олади. Бундан ташқари сувдаги машқлар қоматнинг расо ва адл бўлиб ривожланишида, айниқса умуртқа поғонаси қийшайиб қолиши – сколиознинг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун бу спорт тури билан ҳам қизингиз ҳам ўғлингиз шуғулланса уларнинг жисмоний саломатлиги учун катта фойда бўлади. Қизларнинг қадди қомати чиройли, бўлиб ҳаракатлари гўзаллашса, ўғилларнинг елка мушаклари кенгайиб, хушсуратлиги ортади.

Мутахассисларнинг узоқ йиллар кузатишлари шуни кўрсатдики, сузиш билан мунтазам шуғулланган кишиларда бўй, ўсиши, сузиш билан шуғулланмаган кишиларга нисбатан жуда баланд бўлган. Ҳаракат тестлар натижалари ҳам сузиш билан шуғулланган гуруҳларда жисмоний бақувватлик ва иш фаолиятининг юқорилиги кузатилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top