Азиз аёллар бугун жуда кўпчилигимизга яхши маълум бўлган тортинчоқлик ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Бу муаммо баъзи аёлларимизни ёки бўлмаса қизларимизни қийнаши мумкин. Одамларнинг ўзаро муносабатда халал берадиган хусусиятларининг рейтинги ўтказилса, тортинчоқлик биринчи ўринни эгаллаши аниқ. Келинг, тортинчоқлик ўзи қандай хусусият ва у билан қай усулда “келишиб” яшаш мумкинлиги ҳақида гаплашайлик. Маълумотларга кўра, кўпинча ўзига ишонмайдиган, қилаётган иши ёки хатти-ҳаракатининг тўғрилигига шубҳаланадиган кишилар ўта тортинчоқ бўлишади.
Бундай одамлар ҳаётдаги арзимас омадсизликлардан ҳам қўрқади. Атрофдагиларнинг маломатидан чўчиб, ўзларини бирон бир соҳада намоён қилишни хоҳламайдилар ва ўзгаришлар янгиликлардан ҳадиксирайди. Тортинчоқ одамларнинг ўхшашлик томони шуки, уларнинг ҳаётида албатта “назоратчи”кишиси бор ёки узоқ вақт давомида бўлган. Улар ўзлари хоҳламаган ҳолда кимнингдир таъсир доирасига тушиб қолганлар. Таъсир ўтказувчи киши эса ота-оналаридан бири, ўқитувчиси ёки дўсти бўлиши мумкин. Ўзига ишонадиган киши тортинчоқнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. У эса ҳар доим ёнида “назоратчи”сини ҳис қилиб яшайди.
“Назоратчи”нинг ҳуда-беҳудага танқидларидан безиб қолган тортинчоқ ўзининг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини тарозига соладиган бўлиб қолади. Ахир эпсизлигини қайта-қайта эшитиш ҳеч кимга ёқмайди. Шу сабабли ҳам тортинчоқ кишилар бошқалардан кўра кўпроқ омадсизликдан азият чекишади. Секин-аста омадсизлик муаммодан қутулиш қийин, лекин иложи бор. Бунинг учун бир нарсани бошида ўзингизга нотаниш бўлган вазиятларга тушиб қолишдан қочинг. Уйда эринмасдан ҳар хил вазиятларда гапирадиган гапларингизни, ҳатти ҳаракатларингизни ойнага қараб такрорланг. Бунда кўпроқ овозингизнинг оҳангига, ҳаракатларингизнинг мутаносиблигига эътибор қаратинг.
Хуллас, шахсий муомала қоидасини яратинг. Мутахасислар тортинчоқликдан қутилиш учун кўпроқ бегона одамлар билан гаплашишни маслаҳат беришади. Масалан: кўчада бегоналарга “Соат неча бўлди?” “Фалон жойга қандай борсам бўлади?” каби саволлар билан мурожаат этиш мумкин. Лекин “машқ” пайтида қўполроқ одамга йўлиқиб қолишингиз ҳам мумкин. Шунинг учун ҳар қандай вазиятга ўзингизни тайёрлаб қўйинг. Агар биринчи уринишингиздан кўнгилдагидек натижа чиқмаса, хафа бўлманг. Чунки ҳамма ҳам хато қилади. Ўзингизни бошқалардан кам деб ўйлашга эса тайинли асосингиз йўқ. Ўз-ўзингизга ишонч уйғота олар экансиз, атрофдагилар ҳам сизнинг қадрингизга ета бошлаганини ҳис этасиз.
Сизда ёки оилангизда шундай тортинчоқлик одати бўлса, бу маълумотлар сизга асқотади деган умиддамиз. Чунки тортинчоқлик бошқалардан кўра ўзингизни кўпроқ азоблайди. Иложи бўлса, тортинчоқ кишиларга ёнидаги яқинларидан кимдир ёрдам берса, янаям яхшироқ бўлади. Аста-секин ўзингиздаги ёки яқинларингиздаги тортинчоқликни йўқотиб бориш учун астойдил ҳаракат қилишингиз лозим. Ҳаракатда-баракат деб шуни айтадилар.