Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз аёллар ишонадиган яна бир ёлғонлардан бири, Худованд менинг эркин бўлишимни истамайди, ёки бўлмаса эркинлигимни чеклашни истайди деб ўйлашдир. Бироқ Муқаддас Калом Худонинг қонунлари фақатгина бизнинг фойдамиз ва ҳимоямиз учунлигини қайта-қайта таъкидлайди. Фақат бўйсуниш билан эркинликка эришамиз. Шайтон эса бизнинг қулоқларимизга: «Худонинг қонунлари қийин, номаъқул ва адолатсиз. Унга бўйсунсанг бахтли бўлмайсан», — деб шипшитади. Адан боғида шайтон Момо Ҳавонинг эътиборини Худо ўрнатган ягона чекловга қаратди. «Қара, Худованд сизларни яхши кўрмайди. У сизларнинг яхшилик ва ёмонликни билишингизни истамайди.
Сизларга тўлиқ эркинлик бермаган», деган маънода Момо Ҳавони алдаган. Шайтоннинг ҳар доимги гапи шу: «Истаган ишингни қилавер. Ҳеч кимнинг сенга нима мумкин-у, нима мумкинмаслигини ўргатишга ҳаққи йўқ.» Кўпчилигингиз мана шу ёлғонга ишонишингизни англаётгандирсиз?! Бир аёл доимо ўзи истаган ишни қилишни ёқтиради. У ёки буни қилиш мумкин эмас, деган чекловлардан ўзини роҳатланишдан чеклангандай ҳис қилади. У истаган пайтида, қанча хоҳласа еяверади. Агар «бу мумкин эмас» деган сўзни эшитса, ўзини жазолангандек ҳис қилади. Балки орамизда шу аёлга ўхшайдиганлари ҳам топилар?! Агар диққат қилсангиз, кўпчилик аёлларда егулик билан муаммо бор. Бу муаммо Ибтидо учинчи бобдаги воқеага бевосита таалуқли, деб ўйлайман.
Чунки биринчи гуноҳ ейишга алоқадор эдида! Худованд: «Боғдаги истаган дарахтингнинг мевасидан еявер, фақат яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти мевасидан ема», деб буюрганди. Худованд ўшанда ягона таъқиқни берганди. Улар боғда истаган ишларини қилишлари, истаган дарахтларнинг мевасидан ейишлари мумкин эди. Фақатгина яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти мевасидан ейиш таъқиқланганди. Кўпчилик аёллар чекловлар мени роҳатланишдан маҳрум қилади, деб ўйлашади. Шу ўй билан нима қилишади? Нима истаса еяверади. Чекловларни бир четга суриб қўйиб, қайсарлик билан истаган нарсасини ейди, истаган ишини қилади, худди Момо Ҳавога ўхшаб! Биз истаган ишимизни қилишимиз мумкин, бироқ унинг натижасини истаганимизча танлай олмаймиз. Нима иш қилсак, шунинг оқибатини кўрамиз. Ëлғонга ишониб яшасак, шунга асосланган ҳолда ҳаракат қиламиз ва охир оқибат қулликка кириб қоламиз.
Бироқ шундай қулликка тушиб қолган аёллардан бири, ёлғон туфайли қулликка тушиб қолганини англагач, ҳақиқий эркинлик бу итоаткорлик эканини тушуниб етди. Шундагина егуликка бўлган қизиқишидан озод бўлди. Натижада эса 29 килога озди, шу билан бирга тушкунликдан ҳам озод бўлди. Авваллари бу аёл қачон нима ейишини ва қанча ейишини ўзи ҳал қиларди. Юзаки қараганда бу эркинликдай туюлади. Бироқ унинг гапларига кўра у егуликнинг қули бўлиб қолган. У озод эмас эди. Егуликка қул бўлгач, 20 килога семириб, тушкунликка тушиб қолди. Итоаткорлик орқали ҳақиқий эркинликни топгач эса, 29 килога озди. Ва чиндан ҳам озод бўлди. Агар ҳаётингизга разм солиб қарасангиз, сизда ҳам у ёки бу ёлғон амал қилаётган бўлиши мумкин. Ўша ёлғонларни топиб, уни таг томири билан қўпориб ташланг. Ўрнини ҳақиқат билан алмаштиринг. Бу ҳаракатингизни Худованд баракаласин.