Ассалому алайкум қадрдон мунисалар. Биз доноликни тажриба ёки изланиш орқали олиш мумкин деб ўйлаймиз, аммо қизиқ-ки ундай эмас экан. Бу кўп ҳолларда гуноҳнинг қоронғу ва даҳшатли оқибатларидан бири. Нима у дейсизми? Гуноҳ ҳаммамизни энг охирги даражадаги аҳмоқларга айлантириб қўяди. Афсуски бу ахмоқликни биз ҳар куни намойиш қиламиз. Қандай? Биз ичимиздаги бўшлиқни ёки очликни кўнгилхушлик, завқ-шавққа тўлдирадиган ҳолатлар, жинсий алоқа, мазали таомлар каби дунёвий ва танавий нарсалар билан тўлдира оламиз, деб ўйлаймиз. Бошлиқларимизга қарши исён кўтарсак ҳам ҳеч нарса бўлмайди, севган инсонларимиз ва яқинларимиз билан муносабатда ўта худбин ва талабчан бўлсак ҳам улар бизни аввалгидек қабул қилаверади, деб ўйлаймиз. Худонинг бизга берган чегараларидан ошиб кетсак ҳам ҳеч қандай ёмон оқибатлари бўлмайди, деб ўйлаймиз.
Баъзида ҳайратланарли даражада ахмоқона фикрлаймиз, яъни ўзимизни Худодан кўра ақллироқ деб ўйлаймиз! Биз гуноҳкорлар учун донолик табиий нарса эмас. Шунинг учун ҳам гуноҳкорлар бу доноликка эга бўлиш учун мусобақалашадилар. Доноликни дунёвий китоблар орасидан изланиш орқали ёки тажрибалар орқали олиш қийин. Нега? Чунки бу китобларни ҳам биз каби оддий гуноҳкорлар ёзиб, таҳлил қилган-да! Донолик бу қутқарилиш ва муносабат натижасида пайдо бўлади. Доно бўлишингиз учун энг аввало сиз ўзингиздан қутқарилишингиз, муҳтож, камтар, қидирадиган ва юқоридан олишга тайёр бўлган янги юракка эга бўлишингиз керак. Кейин эса доноликнинг манбаи бўлган Зот билан муносабатда бўлишингиз лозим. Колоссаликларга 2:3 оятда шундай ёзилган: “Чунки донолик ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир.” Ўйлаб қарасак, иноят доноликнинг манбаи бўлган Зотга тегишли.
Демак, иноят донолик билан чамбарчас боғлиқ. Доноликнинг ичингизда яшашига иноят сабабчи бўлди. Бу — донолик ҳар доим сиз билан бирга ва эришсангиз бўладиган даражада яқин, дегани. Доноликнинг манбаи бўлган Худованд сизни бошқаради. Донолик сизни ҳимоя қилади. Донолик сизни фош қилади. У сизга ўргатади ва камолотга етказади. Донолик сизга далда ва тасалли беради. Донолик ичингиздаги истакларингизни ўзгартириб бошқа йўналишга йўналтиради ва фикрларингизни ўзгартиради. У сизнинг ўтмишингизни кечиради ва келажакда қўлингиздан маҳкам тутади. Абадий ҳаётингизда донолик сиз билан бирга бўлади. У ерда аҳмоқликка бошқа ўрин қолмайди. Агар ҳаётимизга ва қилаётган ишларимизга яхшилаб қараб, тахлил қилиб чиқсак, доноликнинг ичимизда ва ҳаётимизда ишлашига муҳтож эканига амин бўламиз.
Худодан қўрқиш доноликнинг бошидир, дейилади Муқаддас китобда. Маталлар китобида ҳам донолик ҳақида шундай ажойиб сўзлар бор, “Доноликдан юз ўгирма, сени ҳимоя қилади, уни севгин, сени асрайди. Доноликнинг боши шудир, доно бўл, бор–йўғингни бериб бўлса ҳам, идрок ол. Уни ҳурмат қил, сени кўкка кўтаради. Уни қучгин, сени шон–шуҳратга эриштиради. Бошингга илтифот гулчамбари, шуҳрат тожини кийдиради.” Доноликка қаршилик қилманг. Миннатдор юрак билан унга қўл чўзинг ва донолик сиз билан абадий бирга бўлиш учун келади. Ҳикматлар китоби бизга донолик ҳақида яша шундай дейди, “Доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм–идрокка очсанг, Фаросатга ташна, идрокка чанқоқ бўлсанг, Уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг, Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.”