3:56

Маслаҳатлар 25

MP3

Бугун биз тўлалик муаммоси билан қийналаётган аёл ва эркакларга улар учун жуда фойдали бўладиган маслаҳатларни беришни маъқул кўрдик.

Шундай кунлар бўладики, эрта тонгданоқ кайфиятинг бузилади. Шкафдан ёқтирган кўйлагингни олиб киймоқчи бўласан, аммо тўғри келмайди. Кундузи 5-6 йилдан бери кўрмаган танишингни учратасан. У сени кўриб танимай қолади: “Ўзингмисан, жуда ўзгариб кетибсан. Анча тўлишиб қолибсанми?”, — бу каби саволлар ҳам эрта тонгда бузилган кайфиятни яна баттар қилади. Ишдан сўнг уйга қайтиб, ойна қаршисида туриб ўзингни кузатасан. Қоринда, белда ва бақбақа атрофида ёғлар тўпланибди. Албатта-да ахир 30дан ошяпман. Бундай ёшда ҳар қандай одам семиради, деб ўзингни юпатасан. Аммо озиш керак, тезда озиш даркор. Турли хил диеталарни қўллаб кўрасан. Оилангиздагилар олдида ҳам кулгига қолдинг. Бор-е нима бўлса бўлар, деб яна тўйиб овқатланишга тушасан. Бу жуда таниш ҳолат. Ортиқча вазн нафақат ташқи гўзалликка балки инсоннинг соғлиғига ҳам ёмон таъсир қилади. Семириш – бу касалликларга чидамсиз бўлиб қолиш дегани. Дастлаб ортиқча ёғлар организмнинг ташқи қисмида, белда, қоринда ва бақбақада пайдо бўлади. аммо бу ёғлар йўқотилмаса, ички органларни ҳам қоплаб олади. Бундай ҳолатда эса кишининг органлари оғир юк билан ишлашига тўғри келади. Организмда ёғнинг тўпланиши, кишининг нотўғри овқатланишидан, унинг камҳаракатлигидан далолатдир. Семириш ҳозир эркаклардан кўра аёллар орасида кўпроқ учрайди. Ҳар бир киши учун маълум бир оғирлик нормаси бор. Масалан; 20-29 ёшлар атрофидаги 165 дан 175 сантиметргача бўлган кишилар 66 килограмдан 74 килограмгача бўлиши мумкин, бу норма эркаклар учун. Бўйи 164 сантиметр бўлган аёллар эса63 килограм бўлиши керак экан. Бу норма 20-29 ёшгача бўлган аёллар учун. Бўйингизни ва оғирлигингизни ўлчаб кўринг агар нормадан кўп чиқса, тезда озишга киришинг.

Ҳар доим озишдан кўра семириш жуда осонлигини эсингиздан чиқарманг. Ҳар хил витаминли овқатлардан ейишингиз керак. Ҳар доим бир хил вақтда овқатланишга одатланинг. Йўл-йўлакай овқатланишга ўрганманг. Иложи бўлса соат 6 дан сўнг ҳеч нима истеъмол қилманг. Фақат сок ёки сув ичишингиз мумкин. Ҳар сафар овқатланишдан олдин битта карам баргини еб кейин овқатланишга ўтиринг. Биринчидан карам жуда фойдали. Иккинчидан унда тартрон кислотаси бор. Бу кислота организмдаги ёғларни парчалайди. Ундан ташқари сиз карам егунингизча бир оз вақт ўтади ва оч қолиш ҳисси бир оз бўлсада ортга чекинади. Шундай қилиб шошиб-пишиб овқатланишнинг олдини олган бўласиз. Шошиб овқатланиш ҳам инсон учун фойдали эмас. Шошиб овқатланганда инсон тўйганини билмай қолади. Шунинг учун ҳам секин-секин овқатланган маъқул. Бир кунда тўрт маҳал оз-оздан овқатланган маъқул. Кун давомида мева ва сабзавотлардан ошиқча есангиз ҳам зарари йўқ. Иложини қилолсангиз қатиқли кун ёки мевали кун қилиб туринг. Бу сизнинг озишингизга жуда катта ёрдам беради. Бу эса умуман ҳеч нарса емагандан кўра яхшироқ. Маълум бир нормага эришганингиздан сўнг эса шу вазнни сақлаб қолиш учун, югуриш, юриш, сузиш, велосипедда сайр қилиш каби жисмоний машқлар фойдали. Иложи борича шакар, унли ва ёғли таомлар истеъмол қилишдан ўзингизни тийинг. Асосий таомингиз гўшт, мевалар ва сабзавотлар бўлиши лозим. Иложини қилолсангиз ҳар куни 20 минут жисмоний машқ билан шуғулланишингиз сиз учун жуда фойдали. Шу маслаҳатларга амал қилсангиз тез орада ўзингизни танимай қоласиз. Бизнинг маслаҳатларимиз сизларга маъқул келди, деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top