3:22

Бир–бирингизга либосдирсиз… 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Ўтган сафар бу суҳбатимизни бошлаган бўлсак-да, ниҳоясига етмаган эдик. Шу сабаб, бугун эр-хотинлар ҳаётда қандай қилиб бир-бирлари учун либос бўлишлари мумкинлиги ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Оилада шундай воқеа-ҳодисалар бўладики, буни фақат эр билан хотингина билса етарли. Бу воқеалар кўчага ёйилмаслиги шарт. Бироқ ҳамма эр-хотинлар ҳам бунга амал қилмайдилар. Бир оила бўлгувчи эди. Эри хотинини чақмаган кўча аҳли қолмаган бўлса, хотини эри устида шикоят қилмаган қўшнилари қолмаган эди. Ота-оналари бунинг иснон эканлиги ҳақида гапириб, насиҳат қилсалар ҳам кор қилмади. Орадан ўн йил ўтибдики, фарзандлари тўрттага етган бўлишига қарамай, бир-бирларини бедаволикда айблаб шикоят қилишдан орланмасдилар.

Бир-бирларига либос бўла олмаган буларнинг нимаси эр-хотин?! Бир вақтлар бу эр-хотинлар тоифасига тескари тоифадаги эр-хотинлар ҳақида антиқа ривоят эшитгандим. Менга у жуда маъқул бўлганди. Унда айтилишича, бир келин-куёв бўлиб, тўйларидан бир йил ўтар-ўтмас ўрталарида «ғиди-биди» гап чиқибди. Бунинг сабабини ҳеч ким, ҳатто, ота-оналар ҳам билиша олмабди. Аммо совуқчилик, жанжал-сурон кун сайин ошиб, ахири маҳалладагиларга етиб борибди. Бир куни чойхона кексаларидан бири куёвни қошига чорлаб: «Анварбек, бу ёққа келингчи… келин билан ораларингдан ола мушук ўтибди. Нима бўлди, нима гап, тинчликми?» — деб куёвни сўроққа тутибди. Анварбек хомуш тортиб сукут қилиб қолибди.

Ҳалиги кекса киши яна сўрабди. Анварбек қараса отахон жиддий сўраётган эмиш. Шунда Анварбек: «Амакижон, сиз айтаётган келин менинг хотиним. Хотинимнинг сирини сизга нечун айтаман-айтмайман», — деб чойхонадан чиқиб кетибди. Орадан бир неча ой ўтгач, улар ажрашиб кетишибди. Турмушлари бўлмабди. Бир-икки ой ўтибди. Анварбек чойхонага чиқиб юраверибди. Кунларнинг бирида яна ўша отахон уни ҳузурига чақирибди: «Қани, Анварбек, анави куни «келиннинг нима айби бор, нимаси сенга ёқмаяпти», десам сиз: «У менин хотиним, хотинимнинг сирини сизга нега айтаман», дегандингиз. Мана эшитишимча ажрашиб кетибсизлар. Қани бўлмаса, энди айтинг-чи, келиннинг айби нима эди?», деб сўраб қолибди. Шунда Анварбек жиддий тус олиб: «Эй, амакижон, энди у менинг хотиним эмас, бировнинг хотини, бировнинг хотини билан менинг нима ишим бор», — деб жавоб қилган экан.

Сир сақлашнинг одобини қаранг! Бу воқеада эр-хотинлар ажрашиб кетибдилар ҳамки, бир-бирларининг айбларини сир сақладилар. Либос бўлса шунчалик бўлади-да! Биринчи воқеада эса эр билан хотин ҳамон бирга яшаб келаётган бўлса ҳам, бир-бирларининг айбларини дастурхон қиладилар. Бундай оилада қандай фарзандлар улғаяди? Эр-хотин бир-бирининг айбини, камчиликларини кўрар экан, ётиғи билан ҳоли қолганларида гаплашиб олмоқликлари лозим. Зинҳор уларнинг бир-бирларини айблашларини фарзандлари эшитмасин. Фарзанд онадан отанинг камчилигини, отадан эса онанинг камчилигини эшитмаслиги лозим. Шундай қоидаларга риоя қилган эр-хотингина бир-бирларига чиндан ҳам либос бўла оладилар. Сизларга шундай мукаммаллик тилаб, Худо оилангизга тинчлик ато қилсин, деб қоламиз. Азизлар сизни оила мавзуси қизиқтирса бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўришингизни маслаҳат берамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top