MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ» деган мақолни эшитгансиз. Сиздан олдинги яшаб ўтган инсонлар ҳақида айтилган гапларга қараб, сиздан кейин қандай ном қолишини ўйлайсиз. Бугун ана шундай ўзидан кейин ёмон ном қолдирган инсонлардан бири – Ҳирод ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳирод – Исо Масиҳ давридаги Жалила ва Яҳудиянинг шоҳи эди. У ўз қўл остидаги юртда содир бўлаётган воқеалар, Исо Масиҳнинг пайдо бўлгани, Унинг мўъжизалари ҳақида эшитган эди. Олийруҳонийлар ва халқ Исо Масиҳни тутиб, Пилат олдига олиб боришганда, Пилат унинг Ҳиродга тегишли ердан эканини билиб, унинг олдига юборди. Каломда Ҳироднинг Исо Масиҳ билан учрашуви ҳақида шундай ёзилган.

Narrator 2 «Ҳирод Исони кўриб жуда кайфи чоғ бўлди. Чунки У ҳақида хабардор бўлиб, анчадан бери Уни кўрмоқчи бўлган, У қилган бирон-бир мўъжизани ўз кўзи билан кўришни умид қилиб юрган эди. Шундай қилиб, Унга анча саволлар берди. Бироқ Исо унга ҳеч бир жавоб қайтармади. Атрофда турган олийруҳонийлар ва уламолар эса Уни шиддат билан қораладилар.» Агар сизни қилмаган ишингизда айблаб, ҳакамнинг олдига олиб келишса-да, бироқ ҳакам барибир сизнинг фойдангизга ҳукм чиқармаслигини, фақат ёлғон гувоҳларга ишонишини билсангиз, овора бўлиб ўзингизни оқлаб ўтирмайсиз, шундайми? Барибир, ҳакам билан ёлғончи гувоҳлар ва унинг атрофида сизнинг ишингизни кўриб чиқаётганларнинг тили бир эканлигини биласиз. Исо Масиҳда ҳам шундай бўлганди. У илоҳий мўъжизасини ва сўзларини бекорга кетказишни истамади.

Narrator 1 «Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлари билан бирга Исони камситиб масҳара қилди-да, Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди.» (Лука 23:8-12) Шоҳ Ҳиродни қаранг-ки, у ҳеч қандай гуноҳ қилмаган Исо Масиҳни бошқа ғаразгўй, манман, ҳудбин ва риёкор инсонларнинг сўзига кўра ҳукм қилди ва масхаралади. Каломда ёзилганларидан, Ҳирод ҳеч қачон ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, риёкор, халқ кўзига ва атрофидаги аъёнларининг кўзига яхши кўринишни истайдиган, ёвуз ва яхшиликни ўйламайдиган инсон эканлигини кўрасиз. Исо Масиҳдан сўнг, Ҳирод унинг шогирдлари ва издошлари ортидан тушди. «Ўша кунларда Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди.» (Ҳав 12:1)

Narrator 2 У ҳаддан ташқари шуҳратпараст ва калтафаҳм инсон бўлган. Каломда Худованд Ҳиродни қандай жазолагани ҳақида ёзилган: «Шундан сўнг Ҳирод Яҳудияни тарк этиб, Кесария шаҳрига борди ва у ерда бир муддат қолди. Белгиланган кунда Ҳирод шоҳона кийимларини кийиб, минбарга ўтирди-да, халойиққа ваъз айтди. Халойиқ эса: «Бу одамнинг овози эмас, бу Худонинг овози!» — деб хитоб қиларди. Ўша ондаёқ Худованднинг фариштаси Ҳиродни урди. У шарафни Худога бермагани учун танасини қуртлар кемириб, жон берди.» Худованд Ҳиродни адолатли ҳукм қилди. У қилаётган ишлари билан Худовандга қарши тураётганини сезгандир. Сезмаган бўлса эшитгандир, бироқ шунга қарамай, ўз танлаган йўлидан қайтмади. Бугун ҳам Худованд сизни ёмонликдан қайтариш учун юрагингизга гапирса, Унга эътиборсиз бўлманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top