3:22

Руҳий ғалаба 38

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлсада яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Мен Ғолиббек бугун микрофон олдидаман. 2 Коринфияликларга мактубининг 6 боби, 15 ва 16 оятларида шундай ёзилган.

“Масих билан алайхиллаъна орасида қандай келишув бўла олади? Ёки имонли билан имонсиз орасида қандай шериклик бўлиши мумкин? Худо маъбади билан бутлар орасида қандай мувофиқлик бор? Сизлар эса барҳаёт Худонинг маъбадисизлар. Худо Тавротда айтганидек: Мен улар ичра маскан қилиб, ўрталарида юргайман.

Уларнинг Худоси бўлурман, Улар эса Менинг халқим бўлур”. Ҳаворий Павлуснинг айтишича, Худованд биз инсонларни қоронғулик ҳукмронлигидан халос этган ва Колосаликларга мактубининг 1 боби 13 оятида ёзилганидек: “Бизни зулмат ҳукмронлигидан озод қилиб, севимли Ўғлининг Шоҳлигига кўчирди”. Нажотга эга бўлиш — шайтондан қутулиш ва энг ишончли ҳимояни бера олади.

Римликларга мактубининг 8 боби 37 оятида ёзилганидек: “Аммо бизни Севганнинг соясида буларнинг ҳаммаси устидан улкан ғалаба қозонамиз”. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, ушбу келтириб ўтган оятларимиздан шуни аниқ билишимиз мумкинки, Худованд билан ҳамда Раббимиз Исо Масиҳнинг кучи ила доимо ғалабага эриша оламиз.

Худованд билан бирга бўлишимиз доимо ҳар биримизга ғалаба келтириши аниқ. Шу ғалаба нашидасини эса Раббимиз Исо Масиҳ билан бирга нишонлашимизга нима етсин? Бундан ташқари 1Юҳанно мактубининг 2 боби 13 оятида шундай деб ёзилганини ўқишимиз мумкин: “Эй оталар, сизларга ёзяпман: азалдан бор Бўлганни билдингизлар.

Эй йигитлар, сизларга ёзяпман: ёвуз шайтон устидан ғолиб чиқдингиз. Эй болалар, сизларга ёзяпман: Сизлар Отамиз Худони таниб олдингиз”. Бу оятдан шуни билиб олишимиз мумкинки, шайтон енгилди, ғалаба эса бизники. Биздаги мавжуд бўлган Муқаддас Руҳ шайтондан бирмунча кучлидир. Айнан шу Муқаддас Руҳнинг кучи ила ҳар биримиз шайтоннинг устидан ғалабага эриша оламиз.

Албатта ҳар бир гуноҳкор инсон Худованднинг олдида ўз гуноҳкорлигини тан олиб тавба қилганида, ўша инсонда қандайдир ўзгаришлар содир бўлади. Чунки бизнинг Худованд қудратли Худодир. У ҳар бир инсонда турли ўзгариш ясай олади. Агарда инсонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, келажакда ҳам ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмас экан, бу ҳақида жиддий ўйлаб кўриш лозим.

Биздаги содир бўладиган ўзгаришларниниг дин билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқдир. Чунки ҳар қандай руҳий ўсиш ва ўзгаришлар Худованд томонидан амалга оширилади. Азиз радио тингловчилар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top