3:16

Воизлик 124

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан соғ-омон кўришиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек.

Кечирим беришга биринчи қадам бу – хафачиликни англаш, киши ўзи ва ҳис-туйғулари олдида самимий бўлишдир. Хафачиликка эса оддий инсоний жавоб — бу ғазабдир.

Ғазаб икки хил бир-бирига қарама қарши усулда намоён бўлиши мумкин.

Биринчи кўриниши — биз тажовузкор бўлиб қоламиз. Сўкиш, танқид қилиш, таҳдид билан қўлимизни пахса қилишни бошлаймиз. Агар ҳаддан ортиқ ҳаёжонда бўлсак – ҳатто ер депсиниб, қўлларимизни мушт қилиб нимагадир қаттиқ уриб, бақириб гапиришни бошлаймиз.

Иккинчи кўриниш эса индамас, маъюс бўлиб қоламиз ва бошқалар билан ортиқ гаплашишни истамаймиз. Нарсаларимизни йиғиштирамиз. Бир жойда ўтиролмай ҳатто керак бўлмаган ишларни ҳам қайта қайта қилишимиз мумкин. Бутун ҳатти- ҳаракатларимиз билан бу одамга бошқа ишонмаслигимизни кўрсатамиз. Аслида индамаслик ҳам тажовузкорликда жанжал ёки бақир-чақирдан кам бўлмаслиги мумкин.

Ғазабини кўрсатмайдиган оилада ўсган кишилар ўзлари ҳам ҳис-туйғуларини зўрға тан оладилар. «Мен хафа бўлаётганим йўқ» — деди бир куни танишим, қўлларини мушт қилиб, менга ғазаб билан бир қараб олар экан. «Сен мени хафа қилолмайсан». «Мен ҳеч ҳам бақираётганим йўқ», деб бақираётган одамни кўрсак, жилмайиб қўямиз. Ғазабингиз ҳамма нарсани еб битирадиган оташ ёки совуқ айсберг каби бўлиши мумкин.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам юз ифодангиз, ўтириш ёки туришдаги ҳаракатларингиз, овоз оҳангингиз, айтаётган сўзларингиз ғазабланаётганингиздан дарак беради. Ҳис-туйғуларни аниқлаштириб олиш жуда муҳим. Ҳақиқий ҳис-туйғуларни тан олиш ҳар доим ҳам осон эмас. Кимдир бировнинг шахсий қадр-қимматига ўзига бўлган ишончига оғир зарба бўлиши даражасида қаттиқ ҳафа қилди.

Хафалик ҳисси киши ўзининг кераксизлиги ва фойдасизлигини англаганидан келиб чиқиши мумкин. Агар бундай ҳолатда инсон тезда кечириб юборишга ҳаракат қилса, бу ҳатто хавфли бўлиши мумкин. «Кечир» бу сўз – сеҳрли формула эмас. Ўзаро муносабатдаги қийинчиликларни ҳал қилишга ва муаммонинг аниқ ечимини топиш учун «Кечир» дейишнинг ўзи етарли эмас. Лекин, азизлар, бир-биримиздан кечирим сўраш жуда муҳим, деб ўйлайман.

Агар ўзингизга тўғри бўлсангиз, сизни хафа қилишган пайтда ичингизда кечаётган туйғуни аниқлаштириб олинг. Сиз унинг кучидан ҳайратланишингиз ва бу борада афсусланишингиз мумкин. Ғазабингизни бостириш учун бекорга куч сарфламанг. Аксинча кучингизни, ўзингизни қўлга олиб, тинчлик ва муҳаббат билан масалани ҳал қилишга сарфланг. Азиз тингловчилар, доимо ҳар қандай инсонга нисбатан кечиримли бўлишга ҳаракат қилинг. Худованд сизларни марҳаматласин. Хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top