3:08

Биз доимо Худога қарашимиз керак

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандимизга шон- шарафлар бўлсин. Мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Агар инсон борган сари Худовандга яқинроқ бўлиб борса, энди иккинчи қадамни ташлашни ўрганиши керак деб ўйлайман.

Инсон энди тўлиқ ўзидаги фикрлашни ўзгартирмоғи лозим. Бу нима дегани? Аввал Масиҳга ишонган бўлсак-да ҳар хил ноўрин фикрлар бизни чалғитган бўлиши мумкин. Ёки шайтон баъзан ёлғон ва тоза бўлмаган фикрларни бизга ўргатиб, шуни қилишимизни хоҳлаган бўлиши ҳам мумкин. Эндиликда қанчалик Худовандга яқинроқ бўлсак, Ундан шунчалик фикрларимизни ҳимоя қилишини сўрайлик.

Инсониятнинг битта асосий муаммоси бор. Агар бирон киши қандайдир муаммога дуч келгудай бўлса, биринчи галда ўз кучига ишониб қолади. Ҳар хил йўллар билан шу муаммони ечишга уриниб кўради. Илож бўлмаслигини билганимиздагина Худованд, менга ёрдам бер, деб Унга илтижо қиламиз. Аслида эса муаммо бошланган заҳотиёқ Худовандга мурожаат қилиб, Ундан кўмак сўрашимиз керак.

Барча муаммоларни ҳал қилувчи фақатгина Удир. Азиз биродар, ҳар бир масиҳий киши шуни ўрганиши керакки, муаммо вақтида фақатгина Худовандга қарайлик. Тўғри, Худованд баъзи пайтларда инсонлар орқали ҳам муаммоларни ечимини кўрсатиши мумкин. Лекин бу дегани инсон муаммоларни ҳал қилувчи дегани эмас. Худованднинг каломини қанчалик кўпроқ ўргансак, шунчалик Унга яқинроқ бўламиз.

Азиз радио тингловчи биродар, бундай деб айтишимизга асос бор. Мен ишонаман, ҳар куни сокин вақт қилган пайтимизда каломдан оят, боб ёки бирон бир парчани ўрганишга ҳаракат қиламиз. Ўқиб бўлган пайтимизда доимо ўз-ўзимизга савол беришга одатланайлик. Биринчи савол шундай бўлиши мумкин. Шу парчадан мен нимани ўргандим?

Шундан кейин эса жавобни қидиришга ҳаракат қилишимиз керак. Топилган жавобни эса дафтаримизга ёзиб қўйсак янада яхши ёки китобингизнинг бир четига белгилаб қўйишингиз ҳам мумкин. Бу келажакда ҳам бизга доимо Худованд ҳақидаги ҳақиқатни эслатиб туради. Аслида Худованднинг кимлигини билиш, Унинг Ўғли Исо Масиҳ хочда бизлар учун тўккан қонини ўрганишдан бошланади.

Агар инсон Масиҳнинг хочдаги ўлимини чуқур тушуниб етса, Отамиз бошқа керакли маълумотларни ва Ўзининг Кимлигини янада кўпроқ очади. Юҳанно китобининг 17 боби 3 оятида шундай ёзилган: “Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб билишдан иборатдир”. Азиз биродар, Худовандга яқинроқ бўлайлик, шундагина У ҳам бизга яқинлашади. Ўзимиздаги муаммоларни ва хурсандчиликларимизни Унга айтишни ўрганайлик, шундагина Унга яқинлашаётганимизни юракдан ҳис эта оламиз. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top