Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки ушбу дастурлар орқали биз Муқаддас Каломдан баъзи оятларни ўқиб ибодат учун қўлларимизни очамиз. Азизлар, бугун мен сизга хаворий Ёқубнинг китобидаги оятларни хавола этмоқчиман. Қани бошладик. Тавротда: «Ўзгани ўзинг каби севгин» деб буюрилган. Агар сизлар бу Шоҳ амрига мукаммал риоя қилаётган бўлсангиз, унда яхши иш қилаётган бўласизлар. Лекин агар юз-хотирчилик қилаётган бўлсангиз, гуноҳ қиляпсиз ва Илоҳий Қонун олдида жиноятчи бўлиб қоласизлар. Кимки Илоҳий Қонуннинг ҳамма моддаларига риоя қилса-ю, фақат бир нарсада гуноҳ қилса, у бутунлай гуноҳкор бўлиб қолади. Чунки «Зино этма» деган Худо айни замонда «Одам ўлдирма» ҳам деган. Агар сен зино қилмасанг-у, аммо одам ўлдирсанг, барибир Худо Қонунини бузган бўласан. Сизлар Худонинг эрк берадиган Қонуни бўйича ҳукм қилинувчилар каби гапиринглар ва ҳаракат қилинглар. Чунки ҳукм шафқатсизга шафқатсиздир. Шафқат эса ҳукмдан устун келади. Эй биродарларим, агар бирор киши имони борлигини айтса-ю, хайрли ишлар қилмаса, нима фойдаси бор? Бундай имон уни қутқарармикин? Бирон биродар ёки сингил яланғоч ва ризқи-рўздан маҳрум бўлса-ю, бирортангиз уларга: «Эсон-омон бориб, исининг ва овқатланинг», – десангиз, лекин уларнинг танаси эҳтиёжини қондирмасангиз, бундан нима фойда? Худди шундай амалсиз имон ҳам ўзи-ўзидан ўликдир.
Энди бирор киши: «Сенинг имонинг бор, менинг хайрли ишларим бор», – дейиши ҳам мумкин. Қани, хайрли ишларсиз имонингни менга кўрсатгин, мен эса сенга имонимни хайрли ишларим орқали кўрсатаман! Сен Худонинг ягоналигига ишонасанми? Яхши қиласан! Жинлар ҳам ишонгани учун даҳшатдан титрайдилар.
Эй ақлсиз одам, хайрли ишларсиз имоннинг фойдасиз эканлигини билмайсанми? Отамиз Иброҳим ҳам ўғли Исҳоқни қурбон қилмоқчи бўлганида, ўз хайрли ишлари туфайли оқланган-ку! Кўряпсанми? Унинг имонига хайрли ишлари омил бўлган. Имони хайрли ишлари билан такомиллашган. Тавротда: «Иброҳим Худога ишонди ва шу тариқа оқланди», – деб ёзилган. Бу сўз рўёбга чиқиб, Иброҳим Худонинг дўсти деб аталган. Кўряпсизларки, инсон фақат имони туфайлигина эмас, балки хайрли ишлари туфайли ҳам оқланади. Яна фоҳиша Раҳобани мисол қилиб олайлик: у жосусларни қабул қилиб, пинҳона йўлдан жўнатиб, хайрли иш қилган ва шу тариқа оқланган. Хуллас, руҳсиз бадан ўлик бўлганидек, хайрли ишларсиз имон ҳам ўликдир. Азизлар, келинг қўлимизни ибодатга очамиз. Парвардигорим, бизга ибодат қилиш имкониятини берганинг учун катта рахмат. Худойим Сен бизга имон бердинг. Лекин иймонимиз амалсиз хеч нарсага арзимас. Худойим, бизга ишлашни ўргат. Шохлигингни ерда ўрнатишдаги ишни қилишни ўргат. Нафақат гапда мохир бўлиб, баълким амалда хам мохир уста бўлайлик. Худойим, Сен буюксан. Исо Масих хам нафақат одамларга Сенинг ҳақиқатингни айтди, баълки у ўзини қурбон қилди хам. Барча одамлар учун У қурбон бўлди. Қонини тўкиб бизга нажот берди. Худойим, бизга амал қилиш учун ёрдам бер, нафақат сўз билан, баълки амалда одамларга ёрдам бериб уларга Сенинг севгингни кўрсатайлик. Худойим, Сенинг муқаддас исминг ва шохлигинг амалларимиз орқали улуғлансин. Худойим, фақат Сен бизга ёрдам бера оласан. Фақат Сен буни амалга ошира оласан. Худойим, Сенга бўлган имонимиз кундан кунга кучайиб бораверсин. Кундан кунга амалларимиз сифати ва фойдаси кўпайиб борсин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, сиз билан хайирлашар эканман, сизга яна бир бор сайтимиз манзилини эслатиб ўтмоқчиман. www.najot.com. Хайир, саломат бўлинг.