MP3

Ассалому алайкум. Сизлар билан Муқаддас Каломда ёзилган яна бир инсон ҳақида суҳбатлашишдан мамнунмиз. Стефан. Бу номни эшитмаган имонли бўлмаса керак. Бу ном кўпчиликка имонда собит қолишга иштиёқ уйғотган бўлса ажаб эмас. Стефаннинг айнан қаерда ва қачон туғилгани бизга маълум эмас. Муқаддас Калом бу ҳақида маълумот бермайди. Бироқ Муқаддас Калом ва бошқа тарихий манбааларга асосланиб, унинг қаерда туғилганини тахмин қилишимиз мумкин. Муқаддас Каломдаги Коринфликларга биринчи мактубнинг биринчи боби 16 оятда Павлус Коринфлик имонлиларга қарата шундай дейди: «Ҳа, яна Стефаннинг уй аҳлини ҳам чўмилтириб имонга киритдим, бундан бошқа яна кимни чўмилтирганимни билмайман.» Стефан Аҳай ўлкасидан биринчи бўлиб имонга келган киши эди.

У Исо Масиҳ осмонга кўтарилганидан кейин шогирдлари томонидан имонга келган киши бўлса керак. Манбааларда келтилишича у жанубий Юнонистоннинг Ахай вилоятидан. У Коринфлик бўлгани ҳақиқатга яқин. Юнон тилида сўзлашадиган Стефан, софдил ва садоқатли киши бўлгани аниқ. Унинг уйланган ёки уйланмагани ҳақида маълумот йўқ. Фақат Павлуснинг Коринфликларга ёзган мактубида у «Стефаннинг уй аҳлини», деган сўзларни ишлатади. Унинг оиласи Коринфда яшаган, аммо оилада неча киши бўлган, ота-онаси, биродарлари ёки хотини ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Исо Масиҳ тирилиб осмонга кўтарилганидан кейин, Муқаддас Руҳнинг тушишини кутишди. Ҳосил байрами кунида ҳамма шогирдларга Муқаддас Руҳ тушгач, улар қудрат ва шиддат билан Худога хизмат қила бошладилар.

Шу кунларда Исонинг шогирдлари кўпайиб бораётганди. Ҳаворийлар 6 боб 1 оятда шундай сўзлар бор: «Исо шогирдлари кўпайиб бораётган ўша кунларда юнон тилида сўзлашувчи яҳудийлар орасидан ерли яҳудийларга қарши норозилик юз берди, чунки кундалик эҳтиёжларни улашиб бераётганда, уларнинг бева аёллари эътиборсиз қолардилар.» Демак илк жамоат ичидаги масиҳийлар орасида ҳам келишмовчиликлар юз берган. Мана шу келишмовчиликни ҳал қилиш учун Муқаддас Руҳ ва ҳикматга тўлиб-тошган етти кишини танлаб олишди. Улар жамоатда камбағал беваларга ёрдам бериш учун танландилар. Уларнинг орасида Стефан ҳам бор эди. Калом уни шундай деб атайди: «Имони комил ва Муқаддас Руҳга тўлган». Шу сўзлардан Стефанни Муқаддас Руҳга тўлган, имонда мустаҳкам, қатъий, адолатли ва ақлли киши бўлган дейишимиз мумкин.

У имонда кучли бўлгани учун ҳам халқ орасида буюк ва ажойиб мўъжизалар кўрсатган. Шунга кўра унинг касалларни шифолаганини тахмин қилишимиз мумкин. Унинг аниқ қандай мўъжизалар қилгани маълум эмас. Муҳими у Исо Масиҳ учун жон-жаҳди билан хизмат қилган. Унинг қилаётган ишлари Олийруҳоний ва бир қанча уламоларга ёқмаган, бироқ халқ орасидаги обрўйидан қўрқиб, унга тегишга журъат қилолмаганлар. Бироқ эркинлар Синагогасидаги яҳудийлар Стефан билан баҳсга киришиб, баъзиларни унга қарши қайраганлар. Халқни қўзғаб уни Олий Кенгаш олдига олиб келишади. Олий Кенгаш эса уни сўроқ қилади. Бундан кейин нима бўлганини биласиз. Унинг жасоратига қойил қолмай иложим йўқ. У ҳам сиз-у-биздай оддий одам эди, бироқ шунча шижоат, кучли имон, жасоратни қаердан олди экан?! У саводли ва ўқиган киши бўлгани аниқ, чунки Исо Масиҳ ва Эски аҳд ҳақида жуда яхши биларди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top