Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз биз оталар ўртасида жиддий ва муҳим бўлган мавзу ҳақида бўлади. Деярли ҳамма оталар фарзанд тарбиясини аёлига ташлаб қўяди. Аёл – она кун давомида болалар билан бирга бўлади, ва мумкин қадар ўғлими қизими яхши тарбиялашга ҳаракат қилади. Ота эрта кетиб кеч келади. Фарзандининг тарбиясидан кўнгли тўқ. Ҳар – ҳар замонда ўғиллари билан гаплаша туриб, ўзининг тарбиясини ўртага ташлайди. Ўзича оталик қилиб, ўғлига ҳаётдан сабоқ беради. Билмайдики, она неча йиллардан буён ўғлига бошқача тарбия берган. Энди шўрлик бола нима қилсин? Оиланинг боши деб отасининг гапига қулоқ солсинми ёки неча йиллардан буён онасининг берган тарбиясига кўра иш тутсинми? Шундай оилалар бор, ота-она фарзандлар тарбияси борасида турлича фикрлайдилар.
Ота уни деса она буни дейди. Бундай ҳолатда жабр кўрган, чалкашган фақат фарзанд бўлади. Бундай бўлмаслиги учун ота-она ягона ҳар иккисига ҳам тўғри келадиган, тўғри бўлган тарбия усулини топишлари керак. Оталар табиатан жангарироқ бўлгани учун фарзандларининг ҳам шундай бўлиб етишишини, ўғли ҳеч кимдан қўрқмайдиган кучли фарзанд бўлишини истайди. Она эса аксинча, ўғлининг ақлли, босиқ, иродали, шахсан кучли бўлиб етишишини орзу қилади. Шунга кўра тарбиялашга ҳаракат қилади. Энди ўйлаб кўринг отанинг ўргатгани бошқа, онанинг ўргатгани бошқа. Фарзанд қай бирига қулоқ солсин. Агар ота-она бир қарорга келмас экан, фарзанд ва ота- она учун ташвишли кунлар келиши муқаррар. Сабаби оддий:
Биринчидан бола ҳадеб чалкашаверишдан чарчайди, охири онанинг ҳам отанинг ҳам айтганини қилмай, ўз билганича иш тутади. Бу баъзида хатарли ҳолатларга олиб келади. Бола ақл билан иш тутиб, тўғри йўлни танласа яхши, бироқ акси бўлиши ҳам мумкин. Отанинг ҳам онанинг ҳам фикрига тўлиқ қўшилмайдиганлар топилади. Тасаввур қилинг, фарзандингиз сиз ўргатганингиздай, ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўлиш учун, кўчада унга салгина қўполлик қилган ҳар қандай бола билан муштлашаверса, маҳаллада безори деган ном оладими? Олади. Борингки ўзингиз ўйлаганингиздай ҳеч кимдан қўрқмайдиган бола бўлди. Унинг характери қандай бўлади? Сиз унинг шу тарбия асосида яхши бола бўлиб етишишига ишончингиз комилми? Ҳаёт фақат ур-тўпалонлардан иборат эмас-ку? Албатта болангиз уришишни билиши керак. Ахир у ўғил бола, лекин фақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида. Шунда ҳам ҳар қандай жанжални тинчлик йўли билан ҳал қила билишни ўрганиши керак.
Бунда сиз унга ёрдам берасиз. Агар жанжалларни тинч йўл билан ҳал қилиш қўлингиздан келмаса, фарзандингизга ачинишдан ўзга иложимиз йўқ. Сиз ҳам фарзандингизнинг келажаги учун қайғурсангиз, жанжалларни тинч йўл билан ҳал қилишни ўрганиб олинг. Болангизнинг қалбида озгина жанжалкашлик уруғи бўлса, сиз ўзингизнинг бемаъни маслаҳатларингиз билан ўша уруғнинг униб катта бир дарахт бўлишига ва келажакда болангизнинг ҳаётини барбод қилишига сабаб бўласиз. У сизнинг маслаҳатингизга кириб, сизнинг қўллаб қуватлашларингиз асосида, кўчада болалар билан урушади, каттароқ бўлгач, каттароқ болалар билан уришади, бу жанжаллар урушишлар охири бориб, жиддий жиноятга олиб бормайди деб кафолат бера оласизми? Йўқ дейсизми. Ахир сиз фарзандингизни уришишга ундаяпсиз-ку! Бу ҳақида жиддий ўйлаб кўринг. Кейинги суҳбатимизда оналарнинг қарашлари ҳақида гаплашамиз.