Ассалому алайкум қадрли мухлислар. Бугунги суҳбатимиз сиз учун жуда қизиқарли бўлишига шубҳа қилмайман. Келинг суҳбатни узоқроқдан бошласак. Бундан қарийиб 150-200 йиллар олдин Ўрта Осиёга турли техника воситалари кириб кела бошлади. Улардан велосипед, телевизор, тикув машинаси, автомобил. Бундай техник қурилмалар кишиларни ажаблантирган. Масалан велосипедни одамлар «шайтон арава» деб номлашган бўлса, телевизорни «ойнайи жаҳон» деб аташган. Хуллас бу янгиликларга кишилар аста секин кўника бордилар. Бир романда ўқигандим. Қаҳрамоннинг онаси кийим-кечак тикиб кун кечиради. Бу тикиш машинаси Зингер эди. Мен ўшанда бу машина ҳақида эшитгандим. Бироқ бугунги кунда «Зингер» деб номланадиган тикув машинасини билмаган Одам Атонинг авлоди бўлмаса керак. Бу тикиш машинасини немис ишбилармони Исаак Мерит Зингер ихтиро қилган.
Ҳа, бу ҳақида эшитганман. Бир пайтлар талабалик чоғларимизда, қандайдир ишбилармонлар эски Зингер машиналарини йиғиб юришганмиш, деган гаплар овоза бўлганди. Ўшанда мўмайгина пул ишлаб олиш ниятида бўлган, талабалар, узоқ йўл босиб, бир нечта шаҳарларга бориб келганлар. Бу жуда қизиқ бўлганди. Аммо ҳеч бирлари ўша машхур «Зингер» тикув машинасини топиб олиб келолмаганлар. Зингер тикиш машинаси ўша даврларда ҳам, ҳозир ҳам жуда машхур ва бетакрор ихтиролардан бири бўлиб хисобланади. Демак, ўша Зингер тикиш машинаси немис ишбилармонининг «боласи» эканда. Эшитишимча у болалигида ўта безори бўлган эмиш. Мактабни ҳам аранг тугатган бундай шахс қандай қилиб, бундай беқиёс тикиш машинасини яратиши ажабланарли. Аслида у ишини механикка шогирд тушишдан бошлаган экан. Бироқ кўп ўтмай, бу ишини ҳам ташлайди.
Жуда тўғри баъзилар астойдил меҳнат қилишни ўргангунларига қадар, ҳаётнинг турли синовларига дуч келишига тўғри келади. Бундайларни ҳаётнинг ўзи тарбиялаб қўяди, дейишади. Исаак Зингер ҳам шундайлар тоифасидан эди. Механиклик ишини ташлагач, Америкага бориб, бир заводга ишга киради. У ерда илк марта ёғоч тиладиган дастгоҳ яратади. Кейин эса Фелпс деган тикув машинасини такомиллаштириб, мукаммал тикув машинасини яратади. Бу ихтироси бутун дунёни ҳайратга солибгина қолмай, унинг чўнтагини ҳам тўлдирди. Шу сабаб 1851 йилда атрофига бир нечта иқтидорли кишиларни тўплаб, тикиш машинаси ишлаб чиқарадиган компания тузади. Йилдан-йилга Зингер тикув машиналарини такомиллаштириб борди. Ўша даврларда бу компания йилига 3 мингта тикув дастгоҳи сотарди.
Нега «Зингер» тикиш машиналарининг бунчалик машхур бўлиб кетгани сабабини энди билдим. Ўша даврларда мукаммал ва ҳамма уй бекаларига бирдек асқотадиган тикиш машинаси бўлмаган. Бу тикув машинаси чиндан ҳам мукаммал, ва мустаҳкам бўлган. Агар бирор бир оиладан эски бундан 100 йиллар олдин чиқарилган «Зингер» тикув машинасини топиб олсангиз, у ҳозир ҳам ишлаётган бўлиб чиқади. Эшитишимча бу машиналар ҳозир ҳам дунёнинг 67 мамлакатида 100 миллионлаб уй бекаларига садоқат билан хизмат қилиб келмоқда экан. Ҳа. Ҳайратланмай иложимиз йўқ. Меҳнат ва изланиш кишини юқори чўққиларга олиб чиқишини мана шу безори ихтирочининг мисолида кўришимиз мумкин.