MP3

Ассалому алайкум. Қадрдонлар, ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, Мусонинг болалиги, илк муваффақиятсизлиги ҳақида гаплашган эдик. Келинг бу ҳақида қисқагина эслатиб ўтаман. Мусонинг туғилиши тасодиф эмас эди. Унинг саройга бориб қолиши ҳам, иброний ватандошини ҳимоя қилиб, мисрлик аскарни ўлдириб қўйгани ҳам тасодиф эмас. Мидиён ўлкасига қочиб боргани ва ўзига, билимига, кучига бўлган ишончини йўқотгани ҳам тасодиф эмас.

Сизнинг нима демоқчи эканингизни англадим. Худо бизга билим олишга имкон беради. Чунки бу билимлар келажакда Унинг йўлида ишлашимизга асқотади. Бироқ у фақат ақлимизга ва билимларимизга таяниб, мағрурланиб кетишимизни истамайди. Шунинг учун ҳам у Мусони ўша билимлари билан бошқатдан тарбияламоқчи эди. Худо уни камтар ва бутунлай бошқа одамга айлантирмоқчи эди. Бу жараён у қочиб Мидиён ўлкасига борганидан бошланди. У энди шаҳзодалар каби эмас, оддий одамлар каби ишлаб, яшай бошлади.

Худонинг бу жараёнини Мусо сезмаган бўлса ҳам керак. Биз ҳам кўпинча ҳаётимизда Худо ўз қўли билан ўзгаришлар қилаётганини, бизни ўз мақсадлари йўлида ўзгартирмоқчи бўлаётганини сезмаймиз. Сезмаган ҳолда кўп нолиймиз. Худони ёрдам бермаётганликда, ҳадеб устимизга оғирликлар қўйишда айблаймиз. Балки Мусо ўзини унутилгандай ҳис қилгандир. Бўлиши мумкин. Орадан анча йиллар ўтди. Унда ҳаёт тажрибаси шаклланди. Энди у аввалгидай, фақат билимларига ишонадиган, мақтанчоқ йигитча эмас.

Орадан анча йиллар ўтди. Бола – чақали бўлган, кечираётган ҳаётига кўникиб қолган пайтлари. Бирданига ёнаётган бутани кўриб қолади. Қизиғи шундаки, бута қанча ёнмасин, ёниб тугамаётган эди. Қизиқиши устун келиб, бутага яқинлашди. Буталар орасидан Илоҳий Зотнинг овози келди: «Мусо, оёқ кийимингни еч. Чунки сен турган ер муқаддасдир». Бу Худо эди. Худонинг овозини эшитган Мусо каловланиб, нима қилишини билмай қолган бўлса керак.

Нима бўлганда ҳам, Мусо жон қулоғи билан Худони эшитди. Ахир ёшлигидан бери эшитиб келаётган Худо у билан гаплашяпти-да. Аксига олгандай, Xудо унга оғир бир вазифани юклаяпти. У Мусонинг яна фиръавн ва ибронийлар олдига қайтиб боришини истаяпти. Ахир бунинг иложи йўқ-ку! Улар энди Мусони танимасалар ҳам керак. Фиръавн у ёқда турсин, оддий иброний кишиси ҳам уни тинглашни истамайди. Қандай қилиб уларнинг олдига бориб, Худо юборди, дейди. Шу сабаблар билан у Худога бир қанча баҳоналар келтирди.

Аммо Худо унинг баҳоналарини қабул қилдими? Йўқ, унга ишонарли мўъжизалар берди. Худонинг номидан фиръавнга ва иброний халқига гапириш хуқуқини берди. Бу жуда ажойиб-ку! Аммо Мусо энди аввалгидек ўз кучига, қобилиятига ишонадиган йигитча эмас эди. Бироқ Худо бу иш учун айнан Мусони танлаган ва Мусо бу ишни қила олишига ишонар эди. Ахир Мусони шу иш учун яратган эди-да! Бизда ҳам шундай ҳолатлар юз бериши мумкин. Худо сизга бир ишни ишониб топширган экан, уни сидқидилдан, aъло даражада қилиб бажаришга ҳаракат қилинг. Бироқ ҳеч қачон ҳаволаниб кетманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top