3:22

Ота вазифаси

MP3

Нарратор 1 «Сизларга ростини айтай, Ўғил Отанинг қилган ишларини кўрмагунча, Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Ота нималарни қилса Ўғил ҳам худди шуларни қилади» (Юҳ 5:19).

Ассалому алайкум. Худони ота сифатида танишимиздан олдин, отанинг қандай бўлишини энг аввало ердаги оталаримиздан ўрганамиз. Худони қандай ота сифатида кўриш, ердаги оталаримизнинг қандайлигига боғлиқ. Ота-она ҳақида гаплашишдан олдин, Худо нега одамзотни эркак ва аёл қилиб яратганининг бир сабабини айтиб ўтсак. Ҳаммамиз Худо эркак билан аёлни насл қолдириш учун, ер юзида одамзотни кўпайтириш учун яратган деган ҳақиқатни биламиз. Бироқ бунга сабаблар жуда кўп. Биласизки, Худо одамни ўз суратида яратди. Худонинг суратида бўлган одамзот ўз фарзандларига Худонинг сифатларини кўрсатиши, кичиклигиданоқ, Худо ҳақида тасаввурини бойитиши керак.

Нарратор 2 Агар оталар ҳам руҳан ҳам жисмонан фарзандлари билан бирга бўлса, фарзандлар, ўз оталарига ишончи ошади ва ўз навбатида Худога ишонишни ҳам ўрганади. Отанинг фарзандлар ҳаётида уч муҳим ва асосий роли бор. Биринчиси, ота фарзандларига исм қўйиши, уларни муҳаббат ва насиҳат билан ўстириши ва ниҳоят марҳаматлаши керак. Агар ота зиммасидаги мана шу ишларни тўғри бажарса, фарзандлар отанинг ҳатти ҳаракати ва сўзлари орқали Самовий Отанинг сифатларини билиб олади. Борди-ю, бунинг акси бўлса, фарзандлар Худога ишонмайдиган бўлиб улғаяди.

Худо одамзотни айниқса оталарни овоз билан марҳаматлаган. Бу овоз ёки товуш катта таъсирга эга. Бу овоз билан оталар ўз фарзандларига исм берадилар, шу овоз билан фарзандларининг исмини айтиб чақирадилар ва шу овоз билан уларни баракалайди.

Нарратор 1 Худо илк одамзотни яратганида унинг овози Худо истаганидек эди. Бироқ гуноҳдан кейин, оталар ўзларига берилган овоздан қандай фойдаланишни унутиб қўйдилар. Бугунги кунда кўпчилик ўғил қизларнинг юраклари отасининг овозини қўмсаб, нола чекмоқда. Отанинг фарзандга яхши исм қўйиши, жуда муҳим. Бундан ташқари оталар фарзандларини чақирар эканлар, овозларида муҳаббат ва фаҳр сезилиб туриши керак. Фарзанд отасининг меҳрини ҳали уни чақирганидаёқ сезсин.

Баъзи оталар фарзандларини меҳр билан чақириш у ёқда турсин, ҳатто камситадиган сўзларни ишлатади. Оталаридан «қиз боласан», «латта», «лапашанг» каби сўзларни эшитган болалар, отасининг меҳрига, далдасига, тасдиғига муҳтож бўлиб ўсади.

Нарратор 2 Юрагидаги шу бўшлиқ билан улғайиб, фарзандларига ҳам шу бўшлиқни мерос қилиб қолдиради. Агар шундай муҳитда, шу бўшлиқлар билан улғайган бўлсангиз, бу бўшлиқни Самовий Отангиз тўлдиришга қодир. Агар ўз қобиғингиздан чиқиб, Унинг муҳаббатига йўл қўйиб берсангиз, У сизни меҳр-муҳаббатига чўмилтиради.

Оталарнинг овозида ҳокимият бор. Бу овоз билан оталар фарзандларини марҳаматлаб, руҳан тиклаши ёки руҳини чўктириб, ғазабга бошлаши мумкин. Юнон тилида «ўстириш» сўзи «юмшоқлик билан озиқлантириш» деган маънода келади. Оталар фарзандларини ҳам руҳан ҳам жисмонан озиқлантириши ва меҳр кўрсатиш учун яратилган. Агар отангиздан меҳр ва рағбат кўрмаган бўлсангиз, бунинг оғирлигини ҳис қилгансиз. Фарзандларингизга мана шу оғриқни раво кўрманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top