3:05

Шифолаш

MP3

Нарратор 1 «Бизнинг билимимиз ҳали тўлиқсиз, башорат қилишимиз тўлиқсиздир. Камолот келганда эса, тўлиқсиз нарса бартараф бўлажак. Мен бола бўлганимда бола каби гапирар, бола каби фикр қилар, бола каби муҳокама қилар эдим. Вояга етгач, болаликни қолдирдим. Шу сингари, биз ҳозир гўё хира ойнага қарагандек кўряпмиз, лекин у вақтда юзма-юз кўражакмиз. Ҳозир мен қисман биляпман, лекин у вақтда ўзим билинганим каби билажакман» (1 Кор 13:9-12).

Ассалому алайкум. Ҳаётимизда бўладиган воқеа-ҳодисаларни кўпинча тушунолмай қийналамиз. Нега Худо ҳаётимга бу нарсаларни қўйаяпти? Нега сўраган нарсамни дарров бериб қўя қолмайди. Нега ибодатимга жавоб олмаяпман, каби саволлар ҳар бир имонлини безовта қилиши тайин. Бу саволларга жавоб бериш учун Марк китобидан бир парчани ўқишимизга тўғри келади:

Нарратор 2 «Исо Байтсайда қишлоғига келди. Унинг олдига бир кўрни олиб келиб, унга қўл тегизишни сўрашди. Исо кўрнинг қўлидан ушлаб, қишлоқ ташқарисига олиб чиқди. Кўзларига тупуриб, қўлларини унинг бошига қўйди-да: — Бирон нарса кўраяпсанми? – деб сўради. Кўр бошини кўтариб: — Одамларни кўраяпман, лекин улар менга юраётган дарахтлардай туюлмоқдалар, — деди. Шундан кейин Исо қўлларини яна кўрнинг кўзларига тегизиб, унга қарашни буюрди. У кўзларини очиб қараса, соғайиб қолган, ҳамма нарсани аниқ кўраётган эди. Исо уни уйига жўнатаркан: — Қишлоққа кирма, — деди» (Марк 8:22-26).

Нарратор 1 Бир кўр одамни олиб келиб, унга қўл тегизишни сўрашди — деб ёзади Марк. Бошқа бир таржимада эса «илтимос қилишди», деб ёзилган. Олиб келганларнинг илтимос қилганларига қараганда, бу одамлар кўрнинг қариндошлари ёки дўстлари бўлиши мумкин. Дастлабки оятларданоқ, бу кишиларнинг имони кучли эканини кўрамиз. Чунки улар, «Исо Масиҳ мана шу яқинимизга қўл тегизса кўзлари очилади», — деб ишонишган. Қизиқ, нега Исо Масиҳ уни турган жойида шифолаб қўя қолмай, кўр одамни қишлоқ ташқарисига олиб чиқди? Калом бу парча орқали бизларга нима демоқчи? Исо кўрни қишлоқ ташқарисига етаклаб кетаётганда, кўрнинг дилидан нималар кечди экан? Исо Масиҳ уни ишончли жойга етаклаётганини ишонганми, йўқми? Нега Исо Масиҳ унинг кўзларини босқичма-босқич, шифолади. Бир мартадаёқ ёки бўлмаса сўзи билан ҳам шифолай оларди-ку?

Нарратор 2 Биз ҳам мана шу кўрга ўхшаймиз. Унга ибодат қиламиз. У эса ибодатларимизга аста-секин жавоб беради. Жавоб берар экан, У бизни етаклайди. Ўзи истаган ерга олиб боради. Ўша пайтда ўзимизни қандай ҳис қиламиз? Исо бизни яхши жойга етаклаб кетаётганига ишонамизми? Ҳар сафар ибодат қилганимизда У ибодатларимизга бефарқ бўлмайди. Бизни ибодатларимизнинг жавоби сари етаклаётган бўлади. Ҳар сафар ибодатимизга аста-секин жавоб берганида, У ва ўзимиз ҳақимизда кўпроқ нарса билиб борамиз. Худди 1 Коринфликлар 13 бобда ёзилганидай, ҳозир гўё хира ойнага қарагандай қараяпмиз, Исо Масиҳ руҳий кўзларимизни бутунлай очганида, Худони, ўзимизни ва ҳаётимиздаги воқеаларни аниқ – тиниқ кўра бошлаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top