Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида дийдор учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳдан миннатдормиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий биродарнинг ҳаётида содир бўладиган қийинчиликлар даврида айнан Раббимиз Исо Масиҳнинг кучига суянган ҳолда биз тура оламиз. Шунинг учун ҳам ҳаворий Павлус доимо ўзининг мактубларини хурсандчилик ила ёза олган эди. Азизлар, албатта, Павлуснинг ҳаётида ҳам кўпгина азоблар содир бўлган.
Шунга қарамай, У айнан кимга ишонганини бир зум бўлса-да ёдидан чиқармаган эди. Баъзида муаммолар бизни шунчалик эзиб ташлайдики, худди устимиздан кимдир бор кучи билан босиб тургандек бўлади. Азизлар, шуни ёдингиздан чиқарманг, Раббимиз Исо Масиҳ гўёки қалқон сифатида ҳар биримизни ҳимоя қилишга қодир. У шунинг учун ҳам Ўзининг муқаддас танасини биз инсонлар учун қурбон қилди. Кимки Раб Исодан ёрдам олишни истамаса, ҳақиқатдан ҳам муаммолар ва қийинчиликлар шу инсонни эзиб ташлайди.
Шахсан мен кўпчилик биродарлар билан суҳбатда бўламан. Баъзи биродарлар муаммоларга дуч келганларида Худодан ёрдам олмай ўзлари барчасини ҳал қилмоқчи бўлганларини кўрсам, ҳайрон қоламан. Азизлар, Худовандга ишонган киши Унинг фарзанди бўлиш иқтидорига эга. Ота эса доимо ўзининг фарзандини ҳимоя қила олади. Ҳали Худони таниб билмаган инсонлар ўзларининг кучига ишониб нимадир қилишга ҳаракат қиладилар. Уларни тушунса бўлади. Чунки улар ҳали Раб Исонинг нималарга қодир эканлигини билмайдилар. Лекин бизнинг тирик Худовандимиз бор.
Худони билмаган бир киши шундай деб имонлиларни айблаган эди: “Сизлар фақатгина муаммолар бўлганидагина Худовандга ишонасизлар, худди боши оғриганда оғриқ қолдирувчи дорини ичгандек Ундан ёрдам оласизлар,” — деб. Агар биз шу дўстимизнинг айтганларидек масиҳий бўлсак, ҳали имонда ўсишимизга тўғри келади. Худога фақатгина муаммолар пайтида эмас, ҳар куни ва ҳар қандай шароитда ҳам мурожаат қилиш мумкин. Худовандни ёрдамга чақиришдан ҳеч қачон уялиш керак эмас, ёки бошқача айтадиган бўлсак, Уни ёрдамга чақиришга ҳечам эринманг.
Раб Исони кимдир ёрдамга чақирганида У хурсандчилик билан ёрдамга келади. Худованд Отамиз бўлгани учун биз ҳақимизда қайғуришни жуда истайди. Ахир ҳар бир ота ўзининг фарзандлари ҳақида қайғуради-ку. Азиз биродар, ҳеч қачон Худосиз азоб чекишингизга йўл қўйманг. Худованддан ёрдам сўрасангиз, албатта, ёрдам келади. Худованд шундай деб айтади: “Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман…” Худованд шундай тинчлик берадики, ўзимиз ҳам ҳайрон бўлиб қоламиз ва нима учун вақтида Ундан ёрдам сўрамадим, деб ўйланиб қоламиз.
Худовандга шукурлар бўлсин. Азизлар, бизнинг сайтимизга марҳамат қилинг. Манзилимиз: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.