3:15

Болаларнинг ўсишига ёрдам 208

MP3

Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи дўстларимиз. Яна сиз азизлар билан ҳаво мавжларида соғ-омон учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биринчи галда болалар билан бўлаётган дарс давомида синфда яхши тартиб-интизом бўлиши учун нималарга эътибор беришимиз тўғрисида суҳбатлашсак. Албатта, биринчи навбатда дарсдан олдинги ишларни ҳамда дарсингиз давомида бўладиган ишларни ҳам олдиндан яхши ташкиллаштирган бўлишингиз лозим. Яхши ташкиллаштирилган иш, албатта, болаларни янада активроқ иштирок этишини таъминлайди.

Албатта, дарс бўладиган хона ҳам талабга жавоб берадиган бўлиши лозим. Ўқитувчи олдиндан синфни тозалаб, шамоллатиб, дарс давомида болаларнинг эътиборини тортадиган барча ортиқча нарсаларни олиб қўйиши керак. Доимо бўладиган дарсларингизга шай туринг. Бугунги бўладиган дарсларнинг мавзулари ҳамда жадвали доимо қўлингизда бўлсин. Дарсларнинг турли бўлимларига, албатта, шошилмай, лекин чиройли ўтишга ҳаракат қилинг, ўтилаётган дарсларингиз болаларга тушунарли бўлаётганига ўзингизда ишонч ҳосил қилинг. Албатта, ҳар бир гуруҳда ўзингиз болалар билан биргаликда қабул қилган тартиб-қоидалари бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, ушбу тартиб-қоидалар доимо болаларнинг кўз ўнгида деворга осилган ҳолда тургани маъқул.

Масалан, болалар синфда ўзларни қандай тутишлари керак? Жавоб бериш учун қандай қилиб қўл кўтаришлари керак? Ташқарига чиқиб келмоқчи бўлса, сизга буни қандай қилиб билдириши керак? Барчасини болалар билан биргаликда олдиндан белгилаб олиш керак. Шу билан бирга ушбу қоидаларга амал қилмайдиган ўқувчига қандай жазо берилишини ҳам олдиндан белгилаб олган маъқулдир. Албатта, синфдаги ҳар бир боланинг характери турлича бўлади. Тартибга бўйсунмайдиган болалар ҳақида уларнинг ота-онасига айтишга шошилманг. Олдин ўзингиз ҳал қилишга уриниб кўринг. У учун ибодат қилинг ва энг охирги ечим сифатида боланинг ота-онаси билан суҳбатлашишга ҳаракат қилинг. Албатта, ота-оналар билан гаплашганда ҳаддан ташқари кўпиртириб, бўрттириб гаплашманг.

Бундай гаплашиш ота-оналарни уялишига олиб келади, натижада ота ёки она ўз боласини жазолаб гуруҳдан олиб кетишигача бориши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳам ота-онанинг, ҳам боланинг руҳий ҳолатини пасайтириб юбориши мумкин. Ота-оналар доимо сизга ёрдамчи бўлиши керак. Вақти-вақти билан уларни ҳам дарсларингизга таклиф қилиб туринг, шунда улар ҳам болалар ҳақида кўп нарсаларни билиб олишади. Аста-секин гуруҳдаги тартиб-интизомнинг яхши бўлишига улар ҳам ўз ҳиссаларини қўшган бўлишади. Азиз биродарлар, Худованд сизга ушбу хизматни берган экан, уни ташлаб кетишга шошилманг. Худованд сизга сабр-тоқат ҳамда куч-қувват беришга ҳам қодир. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга яна бир бор ўзимизнинг сайтимиз манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top