Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио мухлисларимиз билан яна тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худовандимизга бениҳоят шукуроналар айтамиз. Азизлар тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Имонли биродар ҳар доим зийрак бўлмоғи керак. Акс ҳолда васвасаларга берилиб кетиши ҳеч гап эмас.1Бутрус китобининг 5 боби 8 оятида айтилганидек, шайтон шер каби ўкириб, ўзининг ўлжасини қидириб юрибди. Албатта, шайтон айёр ва ўзига жалб қила оладиган махлуқдир. У ўзининг ўлжасини турли хил ўзига тортувчи буюмлар, иъномлар орқали ҳам ўз домига торта олади. Албатта, буларни барчасини у жуда усталик билан амалга ошира олади.
Азиз биродарлар, Томас Брукс деган биродар ўзининг ёзган китобларининг бирида шайтон мавзусида шуларни айтиб ўтган эди. Бу ҳақида сиз азиз тингловчиларимиз ҳам билиб қўйганингиз маъқул бўлади. Шайтонда доно кишилар учун ҳам, оддий кишилар учун ҳам илинтира оладиган қармоқлари мавжуд. Шунингдек, иккиюзламачилар учун ҳам ҳамда ростгўй инсонлар учун ҳам қармоқлари бор. Бундан ташқари Худодан қўрқадиганлар ва бағри кенглар учун ҳам илинтирадиган қармоқлари бор. Камбағаллар ва бойлар учун, ёшлар ва кексалар учун ҳам етарли қармоқлари бор. Шайтон кимларнидир тутиб олиш учун сепиб қўйган донларини татиб кўриш учун дон устига ўтирмаган инсонлар жуда бахтли инсонлар сарасига киради. Азиз биродарлар, сир эмас шайтон кўпчилигимизни васваса қилган ва қилмоқда. Шундай пайтларда нима қилишимиз керак? Албатта биз имонлилар ўз билганимизча у билан олишмаганимиз маъқул.
Кўпинча айрим биродарларимиз: “шайтон, мен сени Исо Масиҳ номи билан боғлайман” деган сўзлар билан ибодат қилганини эшитиб қоламиз. Шунингдек, айрим семинарлар орқали ҳам руҳий жанг ҳақида кўп гаплар бўлади. Азизлар, агар шундай семинарларда ва нималар ҳақида ва қандай қилиб тўғри руҳий жанг олиб боришни тушунмасак, яхшиси бундай жойларга бормаганимиз яхши бўлади. Келинг азиз биродарлар, Ёқуб китобининг 4 боби 7 оятини ўқиб кўрамиз: “Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”. Азиз биродарлар, ҳамма нарсани ҳам ўз устаси қилгани маъқул. Агар нима қилишни ва қандай қилишни билмасак, фақатгина Худовандга умид боғлаганимиз маъқул. Фақатгина Худованд бизга куч бера олади.
Худованд Ўзига тегишлиларни қутқариб ёрдам бериш учун ҳеч қачон кечикмайди. Худованднинг йўллари тўғри, ким уни ўз йўлидан қайтара олади? Албатта ҳали Уни йўлдан қайтарувчи ҳеч ким йўқ. Ҳурматли биродарлар, Худованднинг берган хурсандчилигини асло йўқотманг. Худо билан бирга бўлсак, шайтон ҳеч қачон ҳужум қилмайди. Ахир халқимизда “Тўдадан ажралганни бўри ер” деган ажойиб гап бор. Ҳеч қачон Худодан ажралманг. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азиз биродарларимиз билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини сизга эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, ўз фикр-мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни ушбу манзилимизга юборинг. Мактубларингизни кутиб қоламиз. Хайр саломат бўлинг.