3:00

Руҳнинг қиличи

MP3

Narrator 1 «Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг ҳаёлу ниятларини фош қилади» (Ибр 4:12).

Ассалому алайкум. Инсон дунёга келган экан, бунинг бир сабаби бор. Дунёда яшаётган экан, яшашига арзигулик мақсади бўлиши ҳам керак. Ҳаммамиз ҳам туғиламиз, ўз ҳаёлларимизга, ишимизга ва муаммоларимизга ўралашиб ҳаёт кечирамиз-у, бизни яратган Яратувчимиз ҳақида фикр юритмаймиз. Ëки ўйласак ҳам, қийналганимизда Уни эслаб, қийинчиликлардан олиб чиқишини сўраб ёлворамиз. Қийинчиликлар ўткач, яна ўз-ўзимизга овора бўлиб яшайверамиз. Биз одамлар иккиюзламачи манқуртларга ўхшаймиз. Қийналдингми, ёрдам керакми Худонинг олдига бор. Ундан ёрдам олдингми, унут. Мана шу ақидага амал қилиб яшаймиз.

Narrator 2 Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмайди. Худованд ўзига яқинлашганларга Каломидан тинглашни насиб эттиради. Дилдан Худога яқин бўлганлар Худованд каломи олдида ожиздирлар. Чунки «Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг ҳаёлу ниятларини фош қилади» (Ибр 4:12). Худонинг олдида пинҳон қоладиган ҳеч бир нарса ёки маҳлуқ йўқ. Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ ва аёндир. Ундан ҳеч нарса яшира олмаймиз. У ҳатто кичик нотўғри ҳаёлларимизни ҳам кўра олади. Худонинг Каломи кучли эканини билган ҳар бир художўй киши, Унинг каломига асосан яшаши кераклигни билади. Калом бундайларга ҳаётда яшашга керакли маслаҳатни беради:

Narrator 1 «Шунингдек, нажот дубулғасини кийинглар, Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар» (Эф 6:17). Агар Худованд айтганидай нажот дубулғасини кийиб, аниқроғи нажот топганимизга кучли ишонч билан ҳаракат қилиб, доимо Худонинг каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтариб яшасак, бу дунёда бизга қарши ишламоқчи бўлган ёвуз руҳларга қарши чиқа оламиз. Яна Худованд бизни Ўз каломига кўра ҳукм қилади. Унинг каломини эшитиб амал қилмаганлар ўз ишларига яраша жавобни берадилар. Ваҳий китобида бизни ҳукм қиладиган Зот шундай тасвирланган: «Ўнг қўлида етти юлдузни тутиб турар, оғзидан ўткир дудама қилич чиқазиб турар эди.» Дудама қилич — бу Худованднинг Каломи. Бу ҳаётда ҳам, нариги ҳаётда ҳам фаровон яшашни истаган ҳар бир художўй Худонинг Каломига амал қилиб ҳаёт кечириши лозим.

Narrator 2 Бу ҳар бир кишининг ўз эркига ҳавола. Ҳеч ким, ҳатто Худованд ҳам инсонни ўзига бўйсунишга мажбурлай олмайди. Бўйсуниш, тавба қилиш ва Худованд каломига кўра яшаш инсоннинг ўз қўлида. Бироқ агар Худованднинг каломини ва Унинг истакларини билиб туриб, гуноҳ қилишда давом этсак, вақтида йўлимиздан қайтиб, тавба қилмасак, охири вой бўлади. Худованд шундай дейди: «Энди тавба қил! Акс ҳолда Мен зудлик билан олдингга бориб, Ўз оғзимдаги қилич билан ўша гуноҳкорга қарши жанг қиламан» (Ваҳ 2: 16). Руҳнинг қиличи, Худованд оғзидаги қилич бу Унинг каломидир. Худованднинг Каломига амал қилмаганлар, ўша Каломга асосан маҳв этиладилар. Улар каломда ёзилганига кўра жазоланадилар. Калом ҳақида кўпроқ ёзиш мумкин аммо энг яхшиси www.najot.com сайтимизга кириб бу ҳақида ўзингиз ўқиб олишингиз. Шундай қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top