3:10

Римликларга мактуб ҳақида. 2 қисм

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Бугундан бошлаб биз сизлар билан Каломдан муҳм ўрин эгаллаган ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактуби ҳақида сўз юритамиз. Хаворий Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби – гуноҳга ботган инсониятга бўлган Худонинг таъсири ҳақидаги китобдир. У, гуноҳкор қалбга шифо берувчи Раббимиз Исо Масиҳнинг Ҳушхабарини ёяди. Римликларга йўлланган мактуб хаворий Павлуснинг Каломда ёзган энг буюк ва сермазмун мактубларидан биридир. Ушбу мактуб, Янги Аҳднинг энг ёрқин китобларидан бири бўлиб, уни ҳар бир масиҳий бошидан охиригача ўрганиб чиқиши даркор бўлган китобдир.

Хаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактубини хали ўқиб чиқмаган бўлсангиз, сиздан ўтиниб сўрайман, буни амалга оширинг. Уни бошидан охиригача ўрганиб чиқинг. Уни шу қадар ўрганингки, у ердаги ажойиб фикр ва ҳақиқатлар устидан бемалол мулоҳаза қилиб, уларни ҳаётингизда ҳам ишлатишни ўрганинг. Ушбу Калом хужжати, Худо томонидан берилган буюк ва ажойиб имон дарслигидир. Римликларга мактуб, тахминан, эрамизнинг 56 – 58 чи йилларида баён этилган. Хаворий Павлус, ўзининг учинчи саёҳатини амалга ошира туриб, уни Коринф шаҳрида ёзган. Уни ўқир экансиз, Коринф шаҳри ўша пайтларда бошидан нималар кечирганини ҳам ҳис қилиш мумкин.

Савдо йўлларининг чоррахасида жойлашган ушбу катта шахар ўша пайтларда бузуқиликда тенги йўқ жойлардан бири бўлган. Бу нарсани хаворийнинг сўзларида ҳам кузатиш мумкин. Павлус, мактубида биродарлари билан саломлашув қилиб, Римга бориш орзуси ҳақида шундай ёзади… “Энг аввало, имонингиз шуҳрати бутун дунёга таралаётганини кўриб, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукр айтаман. Худо менга шоҳиддирки, мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман. Худо хоҳласа, ниҳоят ёнингизга бориш насиб этсин, деб тоат-ибодатдаман. Мустаҳкамланишингиз учун сизларга бирон руҳий инъом бахш этай, деб сизларни кўришни кўп орзу қиламан. Яна тўғриси, кўришганимизда сизнинг ҳам, менинг ҳам имонимиз бир эканидан ўзаро жасорат топамиз, демоқчиман. Эй биродарлар, бошқа халқларда бўлгани каби, сизларда ҳам мен туфайли бирор натижа бўлсин, деб кўп дафъа ёнингизга келишни ният этганим, лекин ҳозиргача қаршиликларга дуч келганимдан бехабар қолишингизни истамайман. Мен юнонлару варварлар, олимлару жоҳиллар олдида қарздорман. Шундай қилиб, Римдаги сизларга ҳам қўлимдан келганича, Инжил Хушхабарини етказишга тайёрман. Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман. Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир. Бу Хушхабарнинг мағзи шуки, Худо Ўзи гуноҳкорни оқлайди. Бу оқлаш эса фақатгина имон орқали содир бўлади. Тавротда ёзилганидек: «Имони билан оқланган киши ҳаёт бўлур». (Рим 1). Азизлар, ушбу ажойиб китобни синчиклаб ўрганишингиз оқибатида, сиз Худонинг кўпгина ҳақиқатларини билиб олиб, уларни ҳаётингизда ҳам ишлатишингиз муқаррар. Раббимиз инояти сизга ёр бўлсин. Яна кўришгунча.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top