3:55

Кумуш қошиқ синдроми 2

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Бугунги замонавий ҳасталиклар луғатида “Кумуш қошиқ синдроми”, деган ҳасталик пайдо бўлди. Бу ҳақида ўтган сафарги суҳбатларимиздан билиб олдингиз. Бугун ҳам айнан шундай синдромли оилалар ва фарзандлар ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Бундай синдромли болалар бадавлат оилаларда, доимо истагани муҳайё қилинадиган, фарзандларига вақт сарфлаш ўрнига уларнинг фақат моддий истакларини қондириладиган оилаларда пайдо бўлади. Моҳиятан олиб қараганда, буюмлар, пул, саёҳат, орзуларни рўёбга чиқариш орқали айбларини ювишга ҳаракат қиладилар. Бу синдром бошқа оилаларга ҳам ўтиш эҳтимоли бор. Чунки биз доимо иш билан, пул топиш билан бандмиз. Буни қанчалик аниқ англаганимиз сайин йўқлигимизни моддий нарсалар билан тўлдиришга интиламиз. Бола тобора улғая боради, у билан бирга бадал ҳажми ҳам ортиб боради – ўйинчоқлардан тортиб, қимматбаҳо тақинчоқлар, автомобилларгача.

Narrator 2 Болалар муҳаббатнинг моддий кўриниши ҳақиқий муносабатлар ўрнини босишига кўникади. Шунга қарамай, ҳамма нарсага эга бола ўзини ёлғиз ва ташлаб кетилгандек ҳис қилади. Унга ҳис-туйғулар, ота-онанинг ҳаётидаги иштироки, илиқлиги етишмайди. У ҳис-туйғуларини намоён этиш, севиш ва дўст бўлишни билмайди – унга буни ўргатадиганлар бўлмаган. Натижада атрофдагилар, жумладан, ота-онаси билан муносабатларда фойдани кўзлаб иш тутиш етакчи омилга айланади. Бундай болалар совуқ, бефарқ, худбин бўлиб улғаяди. Уч олтин қоида. Нима қилиш керак? Энг аввало, қоронғи хонада чироқни ёқиб, ён-атрофга яхшилаб қараш керак. Бола билан нималар содир бўлаётганини тушуниш, муаммонинг аҳамиятини англаш ҳамда уни ечиш усулларини излаш лозим. Ҳар қандай мураккабликларни енгишда ёрдам берадиган “тарбиялашнинг уч олтин қоидаси” қуйидагича:

Narrator 1 Болага чекловлар —  “қизил чизиқлар” ўзини қандай тутишни билиш, унинг ҳар бир ҳаракати муайян оқибатлар келтиришини англаш учун керак. Тақиқларни аниқ билдириш, болани таҳқирламайдиган, уни қаршилик қилишга ундамайдиган шаклда тушунтириш керак. Агар биз катталар чегараларни белгиламасак, болалар уларни ушлаб кўришга ҳаракат қилишади. Бу эса кўп ачинарли оқибатларни келтириб чиқаради. Болага барча нарсалар ва одамлар, жумладан, ота-онасидан ҳам дам олиш учун вақт бериш керак. Бу вақтда у ўзи истаган машғулоти билан шуғулланади. Ўйнаб, зерикиб, орзу қилиб, тажриба ўтказиб, у ўзини излайди, қарорлар қабул қилиш, вақти ва ҳаётини бошқаришни ўрганади. Унда қизиқишларни излаб топиш, бемалол фикрлаш, тажрибага эга бўлиш, дўстлар орттириш ва дунёга ўз кўзлари билан боқиш имкони пайдо бўлади. Болани муҳаббат билан қуршаб олиш керак ва унинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслик лозим.

Narrator 2 Унинг учун ота-онаси уни характери, ахлоқи, баҳолари, фахрий ёрлиқлари, спортда эришган ютуқлари учун эмас, айнан сизнинг фарзандингиз экани учун, қандай бор бўлса, шундайлигича яхши кўришингизни билиши муҳим. У билан яхши нарсалар содир бўлганида биргаликда қувонишимиз, ёмон бўлганида биргаликда хафа бўлишимиз лозим. У бизнинг унга қадрдон эканимиз, доим ёнида бўлишимизни ҳис қилиши лозим. Бир қарашда бу қоидалар бир-бирига зид бўлиб кўринади. Кўпинча у чегарадан бунисига “бориб-келамиз”. Баъзида болаларга тўлиқ эркинлик берамиз, айрим ҳолларда уларни тўрт девор ичига “қамаймиз”. Ё барча нарсаларни танқид қиламиз ёки ҳаммасини бирваракайига мақтаймиз. Бироқ бу шартларнинг бари фақат ягона бирлашмадагина ишлайди. Чегара, эркинлик ва илиқлик учлиги – болани замонавий оилада тарбиялашда меъёр ҳиссини йўқотмасликка ёрдам берадиган универсал рецепт.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top