3:55

Ташвишларимиз ва ибодат

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Худога ташвишларимизни ташлашнинг дастлабки йўли — Унга астойдил ибодат қилишдир. Хавотир, ҳадиқ ёки ташвиш уйғотадиган вазиятлар билан тўқнашганингизда, қалбингиздагини самовий Отангизга тўкиб солинг. Санолар ёзувчиси Довуд Худодан шундай деб ёлворганди: «Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо». Кейин ўша санонинг ўзидаёқ у: «Ташвишларингни Эгамизга юклагин, У сенга таянч бўлади»,— деб айтганди. (Заб. 54:2, 23) Муаммони ҳал этиш учун қўлингиздан келганини қилиб кўрдингиз, аммо ҳеч қандай ечим қолмаганида, ташвишланишдан кўра, Худога сидқидилдан ибодат қилиш кўпроқ ёрдам беради.

Хўш, ичингиз хавотирга тўлиб азобланганида, ибодат қай йўсин сизга кўмаклашиши мумкин? Худо чин дилдан ва сабот ила қилган дуоларимизни ижобат қилади. Қизиқ, қанақасига? У онгимизу қалбимизни хавотирли ҳис-туйғулардан халос қилишга ёрдам берадиган ички хотиржамликни ато этиш орқали буни амалга оширади. Кўплар бунга шахсан ўзлари гувоҳ бўлишди. Олдиндан ҳадиксираб, ташвишга тушган кезлари Худо уларга ўй-фикрларидан устун бўлган теран хотиржамлик ва ҳаловатга эга бўлишларига кўмаклашди. Ўзингиз ҳам бунга амин бўлгандирсиз. Шундай экан, «Худонинг тинчлиги» сиз дуч келишингиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчилик устидан ғалаба қозона олади. Ваҳимага тушган ҳар бир имонли, Ишаё пайғамбар китобининг 41-бобини ўқиб чиқса, Худонинг тасалли беришига амин бўлиши шубҳасиз. Келинг, ушбу ажойиб китобдаги оятларни бирга тилга оламиз.

“Худонинг Исроил халқига берган ваъдаси, Эгам айтар: “Менинг олдимда сукут сақланг, Эй денгиз ортидаги юртлар! Халқларнинг кучи қайта тиклансин. Улар яқинроқ келиб, гапирсинлар…Аммо сен–чи, эй қулим Исроил, Эй Ўзим танлаган Ёқуб насли, Дўстим Иброҳимнинг авлоди! Сени ернинг тўрт бурчидан олиб келдим,

Ернинг олис бурчакларидан чақирдим. Айтдимки: «Сен Менинг қулимсан,

Сени танладим, рад этмадим.» Қўрқма, Мен сен билан биргаман, Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, Ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман. Ҳа, сенга қарши бўлганларнинг ҳаммаси Шармандаю шармисор бўлиб қолади, Душманларинг йўқ бўлади, нобуд бўлади. Уруш қиладиганларни излаб ҳам топа олмайсан, Сен билан жанг қилганлар тамомила тугаб битади. Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман, Сенга: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман» деган Менман.”

Эгамиз шундай айтмоқда: “Қўрқма, эй Исроил халқи, Ёқуб насли! Сен кичкина бир чувалчангдайсан. Аммо Ўзим сенга ёрдам бераман. Мен, Исроил халқининг Муқаддас Худоси, Сенинг қутқарувчингман. Сендан буғдой янчадиган хўптир ясайман, Янги, ўткир, тишли хўптир қиламан, Сен тоғларни янчасан, эзасан,

Тепаликларни сомон қиласан. Сен уларни совуриб ташлайсан, Уларни шамол учириб кетади. Бўрон уларни тўзғитади, Сен эса Мен — Эганг туфайли севинч топасан, Исроил халқининг Муқаддас Худоси ила мақтанасан”. Шундай экан, ҳеч нарсадан қўрқманг. Ибодат қилиб, ташвишларингизни Худонинг севикли қўлларига топширинг. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top