3:36

Мактублар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Бугун ҳам эътиборингизни мактубларга қаратмоқчимиз. Ҳаворий Павлус Римга борганидан сўнг ёзилган мактублардан бири Эфесликларга мактуби бўлиб, табиийки, Эфес жамоатига йўлланган эди. Илк жамоатлар орасида Эфес энг йириги бўлган деб тахмин қилинади. Павлус ўзининг иккинчи сафарида у Эфесга Акил билан Прискиллани қолдириб кетган бўлса, учинчи сафари чоғида ўзи ҳам Эфесда уч йил яшаган. Ҳаворийлар 20:17-18, 31 оятларда шундай ёзилган, “Павлус Милейтусдан Эфесга хабар юбориб, имонлилар жамоатининг оқсоқолларига: “Менинг ҳузуримга келсангизлар”, деб илтимос қилди. Оқсоқоллар Павлуснинг ҳузурига келганларида, у оқсоқолларга деди: “Мен Асия вилоятига келган биринчи кунимдан бошлаб сизларнинг орангизда қандай яшаганимни ўзларингиз биласизлар. … Хушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд-насиҳатларимни ёдингизда тутинглар.”

Narrator 2 Павлуснинг Эфесликларга йўллаган мактубининг асосий маъноси Масиҳийча ҳаёт кечириш ҳақида. У бу мактуби орқали имонлиларнинг қандай яшаши кераклигини айтади. Эфесликлар 5:2 оятда, “Масиҳ бизни яхши кўриб, биз учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган қурбонлик бўлди. Сизлар ҳам Исо Масиҳга ўхшаб, худди шундай меҳр-муҳаббат билан яшанглар”, дейди. Бундан битта олдинги бобда эса, “Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр-муҳаббат билан бир-бирингизга нисбатан сабр-тоқатли бўлинглар. Ўзаро тинч-тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар”, дейди. Бу билан у бирликни сақлаш учун доим меҳрли, вақти келганида сабр-тоқатли ва доим камтар ва мулойим бўлишни насиҳат қиляпти. Бундан ташқари, оилавий шароитда эр-хотин бир-бирига бўйсуниши кераклиги ҳақида ёзиб, ота – оналар ва фарзандларга ҳам алоҳида панд-насиҳатлар берган.

Narrator 1 Унинг бу мактубидан Павлус уларни қанчалик севганини билиш мумкин. Бу мактубидан бир йил олдин у Эфес шаҳридаги оқсоқоллар билан охирги видолашув йиғинини ўтказган эди. Ўшанда уларнинг жамоатларига бўрилар келишини башорат қилади, сўнг эса ҳаммалари йиғлаб Павлусни кузатиб қўйганлари ҳақида ёзилган. Ўшанда улар энди Павлусни бошқа кўрмасликларини яхши билардилар. Биласиз, эркак киши одатда йиғламайди. Павлус билан йиғлаб хайрлашганлари эса уларнинг бир-бирларини қанчалик яхши кўрганларини билдиради. Ўша пайтда мактублар қийинчилик билан юборилгани учун бир хабарчидан кўплаб мактублар юбориларди. Шунинг учун, Колосаликларга мактуби ҳам Эфесликларга мактуби билан бир пайтда ёзилган деб тахмин қилиш мумкин. Эфесликларга 6 боб 21 оятда бу мактубни Тихикус деган биродар олиб боргани ҳақида ёзилган.

Narrator 2 Демак, Колосаликларга мактубини ҳам шу биродар етказган. Колоса шаҳри Эфесга яқин бўлган. Колосаликларга йўлланган номада бу мактуб Тихикуснинг қўли билан ёзилгани ҳақида маълумот берилган. Икки мактуб бир пайтда ёзилгани учун фикрлар ва иборалар қайтарилиши мумкинлигини яхши тушунасиз. Эфесликларга ва Колосаликларга мактубининг ҳар иккисида ҳам Масиҳ хушхабарининг сири, Масиҳга боғланиш, ёвузликни ташлаб, Масиҳнинг иноятларида ўсиш, оилани, никоҳни қадрлаш ҳақида ёзади. Колосаликларга мактубининг охирида иккита қизиқ гап бор. Бирида Павлус бу мактубни бошқа жамоатдагиларга ҳам беринглар, улар ҳам ўқисин дейди. Иккинчиси эса, Лодикия жамоатидагиларга саломимни етказинг дейди. У бу мактубларни бошқалар билан бўлишиш қийматини билган бўлсада, бу сўзларнинг бугунгача икки минг йилдан ортиқ қадрланишини билмагани аниқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top