Narrator 1 Ассалому алайкум. Худо ҳар бир одамнинг юрагида ва ҳаётида ишлай оладиган қудратли Худо. Биз инсонлар ўз-ҳатти ҳаракатларимиз билан кимларнидир ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Аксинча, бу ишни Худонинг қўлига топширсак, У биз ўйлаганимиздан ҳам ажойиб ва кутмаган тарзда бу одамларнинг юрагида ишлайди. Каломда шундай ёзилган, “Бизни тинглаб ўтирганлар орасида Лидия деган бир аёл ҳам бор эди. У Тиятира шаҳридан бўлиб, сафсар матолар сотарди. У художўй эди. Павлуснинг айтганларини тингласин деб, Эгамиз Лидиянинг юрагини очди. (Ҳав 16:14) Павлус қаерда ваъз қилган бўлса, уни эшитганларнинг баъзилари ишонган баъзилари эса ишонмаган. Нима учун гуноҳлари туфайли ўлик бўлганларнинг (Эф. 2:1-5) баъзилари ишонди ва баъзилари ишонмади? Уларнинг баъзилари нима учун ишонмади, деган саволга жавоб бу уларнинг “каломни рад қил”ганларида эди (Ҳав. 13:46).
Narrator 2 Чунки бу хушхабар улар учун “тентакликдай туюлади, бу ҳақиқатни улар тушуна олмайдилар” (1 Кор. 2:14). Башарий табиатнинг фикри “Худога душманликдир, чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат, итоат қила олмайди” (Рим. 8:7). Хушхабарни рад этадиган ҳар бир одам, “…нурдан нафратланади. Қилмишлари фош бўлмаслиги учун у нурдан қочади” (Юҳ. 3:20). “Уларнинг онгларини зулмат қоплаган …чунки улар бағри тош бўлиб, жаҳолатда қолганлар” (Эф. 4:18). Бундай жоҳиллик учун жавоб беришади. Буни билганимиз учун яқинларимиз, севимли инсонларимиз келгуси ҳаётда азоб чекмасинлар деб, улар учун астойдил ибодат қиламиз. Улар ҳам Худонинг Ҳақиқатига эришишлари мумкин. Аммо, “…инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар” (Рим. 1:18).
Narrator 1 Бошқалари юракларини қаттиқ қилиб, гуноҳлари туфайли руҳан ўлик бўлган бир пайтда нега баъзилари ҳақиқатга ишоняпти? Ҳаворийлар китоби бу саволга камида учта турли йўллар билан жавоб беради. Бири, уларнинг танланганлари. Ҳаворий Павлус Антиохия шаҳрида ваъз қилганида Маъжусийлар хурсанд бўлиб, “Абадий ҳаёт учун танланганларнинг ҳаммаси имонга келди” (Ҳав. 13:48). Иккинчи йўли — Худонинг Ўзи уларни тавбага олиб келгани учун ҳам уларнинг баъзилари бу ҳақиқатга ишонадилар. Қуддусдаги азизлар фақат Яҳудийлар эмас, Маъжусийлар ҳам хушхабарни қабул қилаётганларини эшитиб, шундай дедилар, “Худо ҳатто ғайрияҳудийларни ҳам ҳаётга элтадиган тавбага олиб борибди” (Ҳав. 11:18). Нима учун инсон хушхабарга ишонади деган саволга Ҳаворийлар китоби аниқ қилиб, Худо унинг юрагини очгани учун деб жавоб беради.
Narrator 2 Муқаддас Каломда исми қайд этилган Лидия исмли аёл бунга энг яхши мисол бўла олади. У нега ишонди? Ҳаворийлар 16:14 оят шундай дейди, “Павлуснинг айтганларини жон дили билан тингласин деб, Эгамиз Лидиянинг юрагини очди.” Бу ҳаммамиз учун ажойиб умид. Худованд биз ибодат қилаётган одамларнинг юракларини очади. Уларда ишлайди, гарчи ташқаридан бундай кўринмаса ҳам ёки биз ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти деб ўйлаган тақдиримизда ҳам, Худо аллақачон ишни бошлаган бўлади. Агар сиз Исо Масиҳнинг издоши бўлсангиз, қуйидагиларнинг ҳаммаси сизнинг ҳаётингизда аллақачон содир бўлиб бўлган: Сиз ишониш учун танлангансиз; Худо сизни тавбага олиб келган; ва Худо сизнинг юрагингизни очган. Ҳаётингизнинг қолган қисмида Худо мўъжиза билан сизни имонга олиб келганидан ҳайратланиб миннатдорчиликка тўлиб яшашингиз керак.