3:18

Ота-оналар фарзандларингизни ғашига тегманг 2 қисм

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Ёдингизда бўлса ўтган сафар сиз билан фарзанд тарбияси жараёнида уларнинг ғашига тегмаслик ҳақида суҳбатлашган эдик. Кўпгина ота-оналар фарзандни тарбия қилиш деганда, фақат танқид қилиш, танбеҳ бериш ва ота-онанинг донолик билан ўрнатилмаган қоидаларга сўзсиз амал қилишни тушунадилар. Аммо қаттиқ ва жиддий тарбия топган болалар эзилиб қолади. Оқибатда эса тушкунликка тушиб, атрофида бўлаётган воқеаларга лоқайд бўлиб қоладилар. Бу – сиз болани шунчалик эзганингиздан, у сизни хурсанд қилишга ҳаракат қилишдан тўхтайди, деганидир. Эҳтимол, талабларингиз асоссиз ва адолатсиздир, эҳтимол фарзандингизни ҳеч қачон мақтамагандирсиз ва улардан хурсандчилигини тортиб олаётгандирсиз. Баъзан ота-оналар ўзларига қўймаган талабни фарзандларига қўядилар. Бошқа ҳолатларда ота-оналарнинг талаблари болаларнинг ёшига ва қобилиятларига тўғри келмаслиги ҳам фарзандларга нисбатан адолатсиз муносабатни кўрсатади.

Narrator 2 Нима бўлмасин, охир-оқибат улар эътиборли бўлишдан ва интилишдан тўхтаб қоладилар. Бир ёзувчи, “Масиҳий оилаларнинг фарзандлари шунчалик даражада жиддий тарбияланганларидан улар ота-оналарини хурсанд қилишни истамай қоладилар”, дейди. Бунинг сабабини тушуниш қийин эмас, сабаби масиҳий оилалар, фарзандларига катта талаб қўяди, уларни бошқаларнинг кўз ўнгида намунали масиҳий болалар бўлиб тарбия топаётганларини кўрсатиб қўйишни исташади. Бу эса болаларга босим беради. Улар нимаики қилмасинлар, ота-оналари улардан мамнун бўлмайдилар. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а, мажбуриятингиз доирасига кирган ишларни имкон қадар яхши қилишга ҳаракат қилсангиз-у, аммо сиздан ҳеч ҳам мамнун бўлмаса, доим ишларингиздан норози бўлиб танқид қилишса, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Энди фарзандларингизни тушундингизми?

Narrator 1 Ҳаворий Павлус Масиҳий оилаларнинг фарзандлари шундай тушкунликка ва умидсизликка тушиб қолишларини истамайди. Шунинг учун ҳам у ота-оналарга фарзандларини “Уларни Раббимизнинг таълим тарбияси билан ўстиринг”, деган ечимни таклиф қилади. Тарбиялаш жараёнида уларни эзманг, аксинча кўтаринг. Фарзандларингизни адолатсизлик ва сабрсизлик билан эмас, балки етуклик ва мулойимлик билан тартиб ва йўл-йўриқлар асосида тарбияланг. Фарзанд тарбиясидаги “тартиб” ва “йўл-йўриқ” деган сўзлар асосий сўзлар ҳисобланади. Улар етакчиликнинг ижобий ва салбий томонларини кўрсатадиган таълим ва тўғрилаш, насиҳат ва танбеҳ деган сўзларни ифодалайди. Ота-оналар баъзан нигоҳлари билан фарзандларини жазолайдилар. Бу тўғри эмас. Бироқ ижобий йўл билан ҳам уларга нима тўғри эканлигини тушунтириш, қандай яшаш кераклигини кўрсатиб беришингиз керак бўлади.

Narrator 2 Юқоридаги оятлар ва маслаҳатлар ота-оналар фарзандларини ақлсизликдан доноликка, болаликдан етукликка, худбинликдан ўзгаларни севишга ҳамда гуноҳдан нажотга қараб ўзгартириш йўлида ёрдам беришига ишонамиз. Ота-оналар, фарзандларингизни ғашига тегманг, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қоладилар. Биз энди ота-она сифатида фарзандларимизга қандай тарбия бераётганимизга диққат қилишни билиб олдик. Талабларимиз тўғри ва муносиб эканлигига эътиборли бўлиш кераклигини ҳам англаган бўлсангиз керак. Энди фарзандларимизни ранжитиб қўйишимиз ва умидсизлантириб қўйишимиз мумкинлигини англаган бўлсангиз, ҳар куни хатоларимизни тузатишга ва фарзандларимизни кўтаришга, уларни севги билан тарбиялашга имконимиз бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top