Салом азизлар. Худо Ўзининг дўстларининг оташин сўзларига қулоқ солади; У олдиндан маълум диндорлик сўзларидан зерикади. Худонинг дўсти бўлиш учун Худога самимий бўлиб, нима гапиришни олдиндан ўйлаш эмас, балки ҳақиқий ҳис туйғуларингизни бўлишишингиз керак. Сиз ҳаётингизнинг қайсидир вақтида Худога нисбатан хафагарчилигингизни ва яширин ғазабингизни тан олиб алданганингизни Унга билдиришингиз керак. Агар биз Худо ҳамма нарсани ҳаётимизда яхшилик учун бажаришини тушунишдек етукликка эришмасак, “Худо бўлганимда кўринишим, келиб чиқишим, жавобсиз ибодатларим, олдинги азобларим ва бошқаларни ўзгартирардим” деб Худодан хафа бўлиб юраверасиз. Кишилар кўпинча бошқалар томонидан етказилган оғриқлар учун Худони айблайдилар.
Аччиқланиш Худо билан дўст бўлиш учун энг катта тўсиқдир: Худо бунга рухсат берган бўлса нега мен У билан дўст бўлишим керак? Бунинг чораси эса, Худо биз учун ҳаттоки оғриқли ва тушуниш қийин бўлса ҳам доимо яхшиликка ишлашини фаҳмлашимиздир. Аммо аччиғингизни фаҳмлашингиз ва ҳис туйғунгизни очиқ намоён қилишингиз тузалишдаги биринчи қадамдир. Муқаддас Каломдаги кўпгина кишилардек, Худога қандай ҳис қилаётганингизни айтинг. Худо бизга Забур саноларини, яъни жўшқинлик билан гапириш, иккиланишлар, қўрқув, аччиқланишлар ҳамда шу билан бирга чуқур оташинлик, шукрона, улуғлаш ва имон каломларига тўла тоат ибодат китобини берганки, бу бизга очиқ самимийликни ўргатади.
Ҳар бир мумкин бўлган ҳиссиётлар Забурда келтирилган. Қачонки сиз Забурдан Довуднинг ёки бошқа кишининг ҳиссиётини ўқисангиз шуни билингки, Худо сиздан ҳам айнан шундай ҳиссиётларингизни сақламасдан улуғлашингизни ҳоҳлайди. Сиз ҳам Довудга ўхшаб ибодат қилишингиз мумкин: “Кўнглимни Унинг олдига очаман, Қайғуларимни Унга сўзлаб бераман.”(Забур 141:2) Шу нарсани билиб қўйиш керакки, Худованднинг яқин дўстлари Мусо, Довуд, Иброҳим, Аюб ва бошқаларда шубҳаланиш хуружлари ҳам бўлган. Лекин улар ушбу ҳис туйғуларни диний сафсаталар билан яшириш ўрнига, уларни Худо олдида очиқ намоён қилганлар. Шубҳаланишни намоён қилиш баъзида Худо билан яқинлик учун қўйилган биринчи қадам ҳисобланади.
Мен Худога имон билан бўйсунишни танлашим шарт. Қачонки сиз Худонинг донолигига ишониб, ҳаттоки тушунмасангиз ҳам У айтган барча ишни бажарсангиз, сиз Худо билан дўстлигингизни мустаҳкамлаган бўласиз. Биз одатда бўйсунишни дўстликнинг бир фазилати деб ўйламаймиз; бу фазилат ота онамиз, раҳбар ёки бошқа бир юқорироқ лавозимдаги кишиларга нисбатан муносабатимизга тегишлидир.
Аммо Исо очиқ намоён қилдики, бўйсуниш Худога яқинлик ҳолатидир. У шундай дейди, “Агар сизлар буюрганларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар.” (Юҳанно 15:14) Исо бизни “дўстларим” деб аташи, саройдаги “шоҳнинг дўстлари” маъносида келади. Ушбу яқин кишиларда махсус имтиёзлар бўлсада, улар шоҳга тобе бўлиб, унинг қарорларига бўйсунишлари шарт эди. Биз Худонинг дўстларимиз, лекин Унинг тенгдошлари эмасмиз. У бизнинг суюкли бошлиғимиздир ва биз Унга эргашамиз.
Биз Худога вазифа, қўрқув ёки мажбуриятдан эмас, балки Унга севганимиздан ва У ҳар бир ишни бизга яхшиликка бажаришига ишонганимиздан келиб чиқиб бўйсунамиз. Биз Масиҳга қилган барча ишлари учун миннатдорчилигимиздан эргашишни ҳоҳлаймиз ва унга қанчалик яқинроқ эргашсак, муносабатларимиз шунчалик мустаҳкамланиб боради.